22:51 / 09.04.2020
8 322

Қўқонда ота 6 яшар ўғлини шифохонанинг 4-қаватидан ташлаб юборди

Қўқонда ота 6 яшар ўғлини шифохонанинг 4-қаватидан ташлаб юборди
Қўқон шаҳрида 6 ёшли ўғлини шифохонанинг 4-қаватидан итариб юборган шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда вилоят прокуратураси маълум қилмоқда.

Маълум бўлишича, 27 январь куни соат 22:30 да Қўқон шаҳар прокуратурасига шаҳар ИИО ФМБ навбатчилик қисмидан 2014 йилда туғилган Д.Ш. шу куни соат 21:00 да Қўқондаги бирлашган темир йўл шифохонаси биносининг 4-қаватидан тушиб кетиб, тан жароҳати олганлиги ҳақида хабар берилган.

Суд тиббий экспертиза хулосасида Д.Ш. ҳаёт учун хавфли оғир тан жароҳати олганлиги қайд этилган. Шифокорлар томонидан кўрсатилган малакали тиббий ёрдам натижасида Д.Ш.нинг ҳаёти сақлаб қолинган.

Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида жабрланувчининг отаси И.Ш. фарзанди деразадан эҳтиётсизлик оқибатида тушиб кетганини билдирган. Бироқ психолог иштирокида тушунтириш берган Д.Ш. уни деразадан отаси итариб юборганини айтган.

Мазкур ҳолат бўйича дастлаб Жиноят кодексининг 111-моддаси (эҳтиётсизлик орқасида баданга ўртача оғир шикаст этказиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилган.

I.Ш.нинг руҳий ҳолатини аниқлаш мақсадида унга нисбатан комплекс психологик-психиатрик экспертиза тайинланган. Экспертиза жараёнида И.Ш. турмуш ўртоғи уни ва фарзандини ташлаб, Россияга кетгани учун тушкунликка тушиб, фарзандини деразадан ўзи ташлаб юборганини билдирган.

Иш юзасидан тўпланган материаллар Қўқон шаҳар прокуратураси томонидан назорат тартибида кўриб чиқилиб, фуқаро И.Ш.нинг ҳаракатларида ожиз аҳволдаги шахсни қасддан ўлдиришга суиқасд қилиш аломати борлиги аниқланган.

7 апрель куни мазкур жиноят иши Жиноят кодексининг 25-моддаси (жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш) ва 97-моддаси 2-қисми (айбдорга аён бўлган ожиз аҳволдаги шахсни қасддан ўлдиришга суиқасд қилиш) «в» бандига қайта малакаланиб, Қўқон шаҳар прокуратурасининг иш юритувига олинган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Қўқонда ота 6 яшар ўғлини шифохонанинг 4-қаватидан ташлаб юборди