00:30 / 23.05.2020
1 169

Тошкентда карантин қоидаларини бузиб, ифторлик ўтказган кафе ёпилди

Тошкентда карантин қоидаларини бузиб, ифторлик ўтказган кафе ёпилди

Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида жойлашган Üsküdar кафеси жорий қилинган чекловларга қарамай яширин тарзда фаолиятини давом эттиргани аниқланди. Бу ҳақда UzNews хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, 20 май куни Ички ишлар бошқармаси ва санитария-эпидемиология хизмати ходимлари пойтахтнинг Юнусобод туманида жойлашган Üsküdar кафесида текширув ўтказилганда мазкур кафе жорий қилинган карантин чекловларига қарамай ўз фаолиятини яширин равишда давом эттиргани аниқланган.

Текширув тадбирлари вақтида кафеда ифторга йиғилган, тахминан, 30 киши, хусусан, 13 нафар Ўзбекистон фуқароси ва 17 нафар хориж фуқароси бўлган. Шунингдек, алоҳида хонада намоз ўқиш ва бошқа диний маросимларни ўтказиш учун шароитлар тайёрлангани аниқланган.

Карантин тадбирлари бузилиш ҳолати юзасидан санитария-эпидемиология хизмати ходимлари томонидан кафе раҳбариятини маъмурий жавобгарликка тортиш бўйича тегишли баённома тузилган. Кафенинг ўзи эса белгиланган тартибда суд жараёнлари тугагунига қадар муҳрлаб қўйилган.

Эслатиб ўтамиз, 6 майда эълон қилинган Республика махсус комиссиясининг карантин чекловларини босқичма-босқич юмшатиш бўйича ахборотида карантин чекловлари 2020 йил 8 майидан бошлаб учта тоифага («қизил», «сариқ» ва «яшил») кирувчи ҳудудларга ажратилиб, босқичма-босқич бекор қилиб борилиши белгиланган. Умумий овқатланиш йўналишидаги объектларнинг мижозларга бевосита хизмат кўрсатишига рухсат бериш учала тоифадаги ҳудудларга ҳам татбиқ этилмаган.

Республика махсус комиссиясининг қарори билан 15 майдан бир қатор фаолият турларига рухсат берилди. Унда овқатланиш шохобчалари киритилмади.

Президент Шавкат Мирзиеёв 13 май куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида эпидемиологик вазият туфайли чекловлар босқичма-босқич юмшатиб борилаётганига қарамай ҳамон карантин тартиби амалда эканини таъкидлаган эди.

Айни пайтда ресторан фаолияти вақтинча тўхтатилган. Унинг раҳбарига нисбатан суд қарори билан чора кўрилиши таъкидланган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)