18:50 / 06.06.2020
2 471

«Ўрикзор» бозори вирус ўчоғига айланган, Наманганда ички ишлар ходимида вирус аниқланган

«Ўрикзор» бозори вирус ўчоғига айланган, Наманганда ички ишлар ходимида вирус аниқланган
Тошкент шаҳрида «Ўрикзор», Юнусобод ва «Медиапарк» бозори ишчиларида, Наманганда ИИБ ходимида, Бухорода йўл қурувчисида коронавирус аниқланди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 5-6 июнь кунлари аҳоли орасида қайд этилган касалланиш ҳолатлари бўйича батафсил маълумотларни тақдим этди.

«Ҳамон аниқ даво чораси топилмаган коронавирус пандемияси дунёни хавотирда ушлаб турибди. Кўплаб давлатлар қатори юртимизда ҳам коронавирус инфекциясига қарши самарали олиб борилаётган чора-тадбирлар ўз натижасини бериб, карантин тадбирлари аста-секин юмшатилаётган бўлса-да, карантин қоидаларига қатъий амал қилиш долзарб бўлиб турибди. Негаки, мамлакатимизнинг турли ҳудудларида аҳоли орасида коронавирус қайд этилиш ҳолатлари учраб турибди.

Мисол учун, аввал хабар қилганимиздек, 4 июнь куни давомида коронавирус аниқланган 96 нафар бемордан 13 нафари аҳоли орасида аниқланган. 5 июнь куни эса, умумий касалланиш кўсаткичи камайиб, 68 нафарни ташкил этган бўлса-да, улардан 17 нафари аҳоли орасидан аниқланган
», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Маълум қилинишича, 5 июнь куни қайд этилган ҳолатларнинг 9таси Тошкент шаҳрида, 4таси Қашқадарё вилоятида, 2таси Тошкент вилоятида аниқланган, Наманган ва Бухоро вилоятларида ҳам аҳоли орасида биттадан ҳолат қайд этилган.

Жумладан, Тошкент шаҳридаги Олмазор туманида нафақадаги фуқарода, Учтепа туманидаги «Ўрикзор» савдо мажмуасида яна бир дўкон сотувчиси ва унинг 5 нафар оила аъзоси (онаси, икки нафар қизи, ўғли ва жияни)да коронавирус инфекцияси тасдиқланган.

Айнан «Ўрикзор» савдо мажмуасида ўтган май ойи давомида юк ташувчи бўлиб ишлаган, сўнгра доимий яшаш манзили Қашқадарё вилояти Чироқчи туманига қайтган фуқаро ва унинг 3 нафар оила аъзоси (2 нафар акаси ва қизи)да ҳам ушбу касаллик аниқланди.

Тошкент вилояти инфекция аниқланган фуқароларнинг 1 нафари Оққўрғон туманидан бўлиб, ҳарорати кўтарилган ва намуна топширган. Яна бир ҳолат эса Қибрай туманида яшовчи фуқарода қайд этилган. У Юнусобод бозорида зираворлар савдоси билан шуғулланиб келган.

Бундан ташқари, Наманган вилояти Ички ишлар органи ходимида, Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида йўл қурилиш идораси ходими (тана ҳарорати кўтарилган ва шифокор маслаҳати асосида таҳлил топширган)да ҳам коронавирус тасдиқланган.

Бугун Тошкент шаҳрида аҳоли орасида яна 6 нафар фуқарода коронавирус аниқланган бўлиб, жумладан, Шайхонтоҳур туманидаги «Медиа Парк» савдо мажмуасининг яна 2 нафар ходимида ҳам коронавирус қайд этилган.

«Юқоридаги барча ҳолатлар бўйича эпидемиологик суриштирув ишлари давом этмоқда», дейилади вазирлик хабарида.

Таҳлиллардан ойдинлашадики, нафақат «қизил» ва «сариқ» ҳудудлар, балки «яшил» ҳудудларда ҳам коронавирус юқтириб олиш хавфи мавжуд.

Бу барчамизни ҳушёр торттириши, карантин қоидаларига қатъий риоя этишимиз зарурлигини кўрсатади. Негаки, кўза кунда эмас, кунида синади, деганларидек, умуман кутилмаган жойда, кутилмаган вақтда коронавирус инфекциясини юқтириб олиш мумкин.

Шу боис, Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолидан карантин ва санитария қоидаларига сўзсиз риоя этишни, касаллик аломати сезилган заҳоти шифокорга мурожаат этишни ҳамда кўчада, ишхонада, сафарда ва умуман қаерда бўлишингиздан қатъий назар, бир лаҳза бўлса-да, ҳушёрликни йўқотмасликни такрор-такрор сўраб қолади», дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, «Ўрикзор» савдо мажмуаси ҳудудидаги сотувчилардан бирида 23 май куни коронавирус аниқланган ва бозор вақтинча ёпилганди.

Кейинроқ, 1 июнь куни бозор сотувчиларидан яна бирига вирусдан зарарланиш ташхиси қўйилди. Ҳар икки ҳолатда ҳам вирусга чалинганлар ўз яқинларига вирус юқтиришган.

Бундан ташқари, «Ўрикзор» савдо мажмуасидан маҳсулот олиб, Юнусобод туманида жойлашган дўконида фаолият кўрсатувчи сотувчи ва унинг турмуш ўртоғида ҳам коронавирус тасдиқланган.

4 июнь куни эса 14 кунлик карантиндан кейин (аслида 12 кун) «Ўрикзор» савдо мажмуаси фаолияти тиклангани хабар қилинганди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)