08:00 / 10.06.2020
3 826

ИИВ — «Шўрданак» ва «Қалпоқ» атрофидаги шов-шувлар ҳақида (видео)

ИИВ — «Шўрданак» ва «Қалпоқ» атрофидаги шов-шувлар ҳақида (видео)
Ўзбекистон ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси 8 июнь куни «Қалпоқ» ва «Шўрданак» ҳажвий кўрсатувларининг йўл-патруль хизмати инспекторлари фаолияти ҳақидаги чиқишларига муносабат билдирган эди.

ЙҲХББ матбуот хизмати ҳажвий кўрсатув муаллифлари «25-кадр»дан фойдаланганини даъво қилиб: «Улар бу ҳажвия лавҳаси билан томошабинга, айниқса ўсиб келаётган ёш авлодга қандай ғояни сингдирмоқчи эканликларини ўзлари ҳам билмаганлар», — дея муносабат билдирган эди.

ЙҲХББ томонидан эълон қилинган видеомуносабатда ҳар иккала кўрсатув ижодкорлари ҳам чиқиш қилган бўлиб, улар шу ҳажвия лавҳаларини суратга олганликларидан афсусда эканликларини билдирган.
«Мен бунақа бўлишини билмагандим... ЙПХ ходимларининг, ИИО ходимларининг устидан бундай қилишимиз ҳам нотўғри аслида», — деган «Қалпоқ» ҳажвий кўрсатуви муаллифларидан бири Раҳмонали Суҳробов.

«ДАН ходимлари ҳақида биз аввал ҳам яхши, чиройли лавҳалар тайёрлаганмиз. Лекин шу сафар озгина хато-камчиликларга йўл қўйдик», — деб тан олган «Шўрданак» актёри Эркин Чўлиев.

ЙҲХББнинг ушбу видеомуносабати, ундаги актёрларнинг узрнамо чиқишлари жамоатчилик томонидан норозилик билан кутиб олинди. Ушбу ҳолатни фикр билдириш эркинлигига таҳдид, цензура сифатида баҳолаганлар ҳам бўлди. Бир гуруҳ интернет фойдаланувчилари эса ЙПХ ходимлари ҳақида ҳазиллар қилган вафот этган сўз усталарига, фильмлардаги лавҳалар бўйича қандай чоралар кўрилиши ҳақида истеҳзоли саволлар берган. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раҳбари Акмал Бурҳонов ва Маданият вазирлиги ҳам ЙҲХББ матбуот хизматининг хатти-ҳаракати мақсадга мувофиқ эмаслигини билдирган.

Жамоатчиликнинг норозиликларига ИИВ муносабати
Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов «Дарё»га берган интервьюсида ЙҲХББ ҳузурида янги ахборот хизмати ва мультимедиа маркази ташкил этилгани, ушбу жамоа, жумладан, ЙҲХББ тизими имиджини ошириш мақсадида йўл-патруль хизмати ходимлари фаолиятига дахлдор илгари тасвирга олинган турли видеолавҳаларни таҳлил қилишни ният қилганини, 8 июнь куни эълон қилинган икки муносабат айнан шу йўналишда амалга оширилган ишлар намунаси бўлганини таъкидлади.

«ЙҲХББ матбуот хизмати томонидан эълон қилинган видеолавҳаларда «Қалпоқ» ва «Шўрданак» ҳажвий кўрсатувлари ижодкорлари узр сўрамаган. Лавҳаларда кўрсатувларда қилинган ҳазиллар актёрлар билан таҳлил қилиниб, қайси ҳолатда халққа манзур келадиган кўрсатувлар тайёрлаш мақсадга мувофиқлиги муҳокама қилинган. Бироқ лавҳалар эълон қилингач, кутилган натижанинг мутлақо тескариси қайд этилди», — дея тан олди ИИВ вакили.

Шоҳрух Ғиёсовнинг таъкидлашича, ЙҲХББ матбуот хизматида ижод эркинлигини бўғиш ёки цензура қилиш мақсади бўлмаган.
«Биз ўзимизни танқид қилмасдан, юморга, ҳазилга йўл қўймасдан, сатира орқали ўзимизнинг камчиликларимиз устидан кулмас эканмиз, ҳеч қачон халққа яқин, халқчил орган бўла олмаймиз», — дея таъкидлади ИИВ матбуот котиби.

Айни вақтда у танланган йўналиш ўзини умуман оқламаганини ҳам тан олди.
«Бундан кейин бундай роликлар тайёрланмайди. Бундан кейин шундай мазмундаги таҳлилларни тайёрлайдиган бўлсак, бутунлай бошқача усулда амалга оширамиз», — дея қўшимча қилди Шоҳрух Ғиёсов.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » ИИВ — «Шўрданак» ва «Қалпоқ» атрофидаги шов-шувлар ҳақида (видео)