07:20 / 26.06.2020
2 327

Никоҳни қайд этиш муддатини бир неча ойга узайтириш таклиф қилинди

Никоҳни қайд этиш муддатини бир неча ойга узайтириш таклиф қилинди
Қонунчиликка кўра, никоҳга кириш учун ариза бергандан кейин 1 ойдан кейин рўйхатдан ўтказилади. Бу муддатни 6 ойга, ҳеч бўлмаса 3 ойга узайтириш керак, деб ҳисоблайди Олий суд раиси ўринбосари Холмўмин Ёдгоров.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигида оилавий ажримларни камайтириш масаласида давлат ва нодавлат-нотижорат ташкилотлари ҳамкорлигини ошириш масаласида амалий анжуман бўлиб ўтди. Бу ҳақда Kun.uz нашри хабар бермоқда.

Анжуманда иштирок этган Олий суд раиси ўринбосари – Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Холмўмин Ёдгоровнинг фикрича, оилавий ажримларнинг юзага келаётгани сабабларидан бири – ёшларнинг бир-бири ҳақида етарлича маълумотга эга эмаслигидир.

«Илгари ота-боболар аввал нон синдирган, бир-бирига ҳайитлик жўнатган, тўйдан аввал 1-2 йил кутган. Бу орада йигит ва қиз бир-бири билан учрашган, бир-бирини ўрганган. Ҳозир эса 20 кун ичида тўй қилиб юборишяпти. Ёшлар бир-бирининг феъл-атвори ҳақида етарли маълумотга эга эмас. Кейинчалик оилада келишмовчилик юзага келиб, ажрим бўлишининг сабабларидан бири ҳам шу. Бунга эътибор қаратиш керак.

Қонунчиликда никоҳга кириш учун ариза бергандан кейин 1 ойдан кейин рўйхатдан ўтказилади. Бу муддатни 6 ойга ўзгартиришга ҳам розиман. Ҳеч бўлмаганда, 3 ойга узайтириш керак.

Бу орада ёшлар бир-бири билан гаплашсин, ўргансин. Агар феъл-атвори тўғри келмаса, ўша пайтнинг ўзида, никоҳга кирмасдан туриб ажрашиб кетсин», деди Олий суд судьяси.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Ўзбекистонда аёллар учун никоҳ ёши 17 ёшдан 18 ёшга оширилиб, эркаклар учун белгиланган меъёрга тенглаштирилган эди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Никоҳни қайд этиш муддатини бир неча ойга узайтириш таклиф қилинди