23:55 / 01.07.2020
1 779

ИИВ тизимида қанча раҳбар ходимлар хизматдан бўшатилгани ва лавозимдан озод этилгани маълум қилинди

ИИВ тизимида қанча раҳбар ходимлар хизматдан бўшатилгани ва лавозимдан озод этилгани маълум қилинди
Фото: «Дарё» / Мадина Нурман
Ички ишлар вазири матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов Халқаро пресс-клуб сессиясида тизимда хизматдан бўшатилган ва лавозимдан озод этилган раҳбар ходимлар бўйича маълумот берди.

Унга кўра, 2020 йилнинг ўтган даври мобайнида бугунги кун талабларига жавоб бермайдиган 19 нафар раҳбар хизматдан бўшатилган, 10 нафар вазирлик даражасидаги, 6 нафар вилоят даражасидаги, 65 нафар туман (шаҳар) даражасидаги раҳбарлар лавозимидан озод этилган.

Ходимлар томонидан коррупция ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ҳолатларини олдини олиш мақсадида эскича услубда иш юритаётган 8 нафар раҳбар ходим хизматдан бўшатилган, 46 нафари лавозимидан озод этилган. 7 нафар ходим паст лавозимларга тайинланган, кўп йиллардан буён бир жойда хизмат қилган 95 нафар раҳбар ротация қилинган, 19 нафар ходим интизомий жазоланган, 3 нафари интизомий кенгашда кўриб чиқилган ва 2 нафари расмий огоҳлантирилган.

Бундан ташқари, тизимда хизмат интизомига бевосита масъул, яъни раҳбарларнинг тарбиявий ишлар бўйича ўринбосарлари фаолияти тўлиқ ўрганиб чиқилган ва 356 нафар раҳбар ходим вазирликда навбатдан ташқари махсус аттестациядан ўтказилгани айтилди. Шундан 35 нафари лавозимига нолойиқ деб топилиб, вазифасидан озод қилинган ва 104 нафарига олти ой синов муддати белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ИИВ матбуот котиби 2020 йилда 2350 нафар ички ишлар ходими хизмат интизомини бузгани аниқланганини маълум қилган эди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)