21:58 / 15.07.2020
4 133

ИИБ ходимлари томонидан калтаклангани айтилган судья тез ёрдам машинасини ўтказиб юбормаган экан (видео)

ИИБ ходимлари томонидан калтаклангани айтилган судья тез ёрдам машинасини ўтказиб юбормаган экан (видео)
Сирдарё вилоятидаги назорат-ўтказиш пунктида судья ИИБ ходимлари томонидан калтаклангани ҳақида хабар берилганди. Ички ишлар вазирлиги мазкур ҳолат бўйича муносабат билдирди ва ҳолат акс этган видеони тақдим этди.

Вазилик томонидан маълум қилинишича, Гулистон шаҳри «Улуғ йўл» МФЙ ҳудудидан ўтувчи М-34 Тошкент—Термиз автомобиль йўлининг 117-километрида «Тошкент» карантин блокпости ташкил қилинган. Гулистон шаҳрига автомобилда кириш мазкур йўлнинг иккита ҳаракат қатори орқали ташкил қилинган. Мазкур йўл халқаро аҳамиятга эга эканлиги ҳисобга олиниб, унинг учинчи қатори кечиктириб бўлмайдиган хизматлар машиналарининг тўхтамасдан ҳаракатланиши учун очиб қўйилган.

Таъкидланишича, 13 июль куни соат 09:30 да давлат рақами 01 Х 172 DА бўлган оқ рангли Nexia-1 ҳайдовчиси «Тошкент» карантин блокпости орқали ўтиш мўлжалланган иккита ҳаракатланиш бўлаги орқали ҳаракатланмасдан, учинчи ҳаракатланиш бўлаги орқали Гулистон шаҳрига кирмоқчи бўлган. Кейинчалик маълум бўлишича, автомобиль ҳайдовчиси Жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилояти суди судьяси А.Эргашев бўлган.

Nexia’нинг мазкур қатордан ҳаракатланиши шу йўналиш бўйича ҳаракатланиб келаётган тез ёрдам автомашиналарининг йўлини тўсиб қўйган.

Орқа томондан товушли сигнал ва маёқларини ёқиб ҳаракатланиб келаётган тез ёрдам автомашинасида оғир касал келаётганлиги боис шу ерда хизмат ўтаётган Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси ходимларига алоқа воситаси орқали хабар келиб тушган.

«Шу сабабли ходимлар зудлик билан тез ёрдам автомашинасини тўсиқсиз ўтказиб юбориш учун мазкур ҳайдовчига автомашинани тўғрига ҳаракатлантириш ишорасини кўрсатган бўлса-да, ҳайдовчи ўзини таништирмасдан, ходимларнинг талабларини бажармасдан, автомашинасини йўлнинг қатнов қисмида тўхтатиб, тез ёрдам автомашиналарининг тўсиқсиз ҳаракатланишига халақит қилган», — дейилади вазирлик хабарида.

Шундан сўнг мазкур блокпостда хизматга жалб этилган ва ҳолатни кузатиб турган Сирдарё вилояти ИИБ ходимлари унинг ёнига бориб, ЙҲХБ ходими билан бирга ҳайдовчига орқасидан ҳаракатланиб келаётган тез ёрдам автомашинасининг йўлини тўсиб қўйганлигини тушунтирган, бироқ ҳайдовчи автомашинасини жойидан қўзғатмаслигини айтиб, ходимларга қўпол муносабатда бўлган.

Ходимлар мазкур ҳайдовчи бошқарувидаги автомашина орқасида турган тез ёрдам автомашинасининг тўсиқсиз ҳаракатини таъминлаш ва тирбандликни бартараф этиш мақсадида Nexia-1 автомашинаси ҳайдовчисини автомашинадан тушириб, автомашина йўлдан олинган. Қайд этилишича, муаммо бартараф этилганидан сўнг ҳайдовчи ўзини таништирган. Шундан сўнг ҳайдовчига кетишга рухсат берилган. Ҳайдовчи ва ички ишлар органлари ходимлари ўртасидаги мулоқот ходимларнинг бодикамераларида тўлиқ акс эттирилган.

«Тасвирларда кўрганингиздек, ҳайдовчи билан ички ишлар органлари ходимлари ўртасида бўлган мулоқот жараёнида куч ишлатиш ёки қўполлик қилинмаган», — дейилади вазирлик томонидан тақдим этилган видеода.

Эслатиб ўтамиз, Республика махсус комиссиясининг 8 июлдаги қарори билан Ўзбекистонда 10 июлдан 1 августга қадар карантин чекловлари қайтадан кучайтирилган. Шунингдек, автотранспорт ҳаракати ҳам чекланган. Автотранспорт воситалари ҳаракатланишига махсус рухсатномалар талаб этилмайдиган ҳолатлар рўйхати тасдиқланган бўлиб, улар орасида суд органлари хизмат автотранспорт воситалари ҳам киритилган.

«Судлар тўғрисида»ги қонуннинг 70-моддасига кўра, судьяларнинг шахси дахлсиз. Судья дахлсизлиги унинг турар жойига, хизмат хонасига, фойдаланадиган транспорт ва алоқа воситаларига, унинг хат-хабарларига, унга тегишли мулклар ва ҳужжатларга ҳам тааллуқлидир.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » ИИБ ходимлари томонидан калтаклангани айтилган судья тез ёрдам машинасини ўтказиб юбормаган экан (видео)