09:20 / 14.08.2020
4 710

Фарғонада унаштируви бекор қилинган йигит севган қизининг уйини ёқиб юборди (видео)

Фарғонада унаштируви бекор қилинган йигит севган қизининг уйини ёқиб юборди (видео)
Фарғона вилояти Бешариқ туманида яшовчи йигит унаштируви бекор қилингани сабабли севган қизининг уйини ёқиб юборди. Бу ҳақда «Севимли» телеканалининг «Замон» ахборот дастурида маълум қилинди.

Маълум бўлишича, йигит 2018 йилда севган қизи билан унаштирилган. Айрим сабабларга кўра тўй муддати чўзиб келинган.

Йигитнинг айтишича, қизнинг отаси бўлмаган, бироқ у бунинг сабабига қизиқмаган. Қиз турли уй юмушларида ёрдам сўраб, уни ўз уйига чақириб турган. Йигит ҳам унинг уйига бориб, ишларига ёрдам бериб турган.

Йигитнинг сўзларига кўра, қиз билан келишмовчилик юз берган ва йигит уни сўккан. Унинг сўкканини қизнинг онаси эшитиб қолган ва унаштирувни бекор қилишга тушган. Йигитнинг оиласи ва маҳалласидаги оқсоқоллар бориб, бу иш учун кечирим сўраган. Бироқ қиз томон унаштирувни бекор қилишга қарор қилган.

Унаштирув бекор қилингани сабабли тушкунликка тушган йигит кечирим сўраш ва имкони бўлса, ярашиш учун қизнинг уйига борган. Унинг сўзларига кўра, қизнинг уйида ҳеч ким бўлмаган. Йигит у ердан чиқиб кетаётган вақтда сигарет чекиб, уйнинг пардасига ўт қўйиб юборган. Шундан кейин у оловни ўчириб, уйдан чиқиб кетган. Уйни тарк этганидан кейин у ерда катта ёнғин юз берган.

Ўт ўчирувчилар воқеа жойига етиб келгунга қадар уй ва ён атрофдаги биноларга катта зарар етган. Уй эгасининг аризасига биноан Бешариқ туман ИИБ ходимлари воқеа жойига бориб, ҳолатни ўрганган.

Ушбу ҳолат бўйича йигитга нисбатан Жиноят кодексининг 173-моддасининг 2-қисми «б» банди (мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Баҳолаш компаниясининг ҳисоб-китобларига кўра, ёнғин оқибатида мазкур хонадонга 268 миллион сўмлик зарар етган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Фарғонада унаштируви бекор қилинган йигит севган қизининг уйини ёқиб юборди (видео)