10:23 / 21.08.2020
2 360

Россия ҳудудида ишлаш ҳуқуқини берувчи патентни Ўзбекистонда олиш имконияти яратилиши мумкин

Россия ҳудудида ишлаш ҳуқуқини берувчи патентни Ўзбекистонда олиш имконияти яратилиши мумкин
Ўзбекистонлик мигрантларнинг Россияга борганда ишлаш ҳуқуқини берувчи патент олиш жараёни Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигининг ўзида ташкил этилиши мумкин. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Муҳитдинов Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида маълум қилган.

«Айни вақтда Россия Ички ишлар вазирлиги билан ўтказилаётган музокараларда Россиядаги патент бериш жараёнини Ўзбекистон ҳудудида ўтказиш бўйича муҳокамалар қиляпмиз. Эртага яна бир видеоанжуман қиламиз, яқин кунларда Россияга бориб яна бир бор музокара ўтказамиз. Россия Ички ишлар вазирлигининг паспорт ва виза хизмати Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигимизда ваколатхона очмоқчи. Очилса, фуқаролар патентни шу ернинг ўзида олиб кетиши мумкин», — дейди Муҳитдинов.

Мигрантларнинг Россияга борганда ишлаш ҳуқуқини берувчи патент олишига баъзан 25-30 кунлаб муддат кетиши каби ҳолатларини инобатга олган ҳолда ҳозирда Ўзбекистоннинг ўзида «Рус тили қонунчилиги ва тарихи» тестини топшириш тизими яратилгани қайд этилди. Тестдан ўта олмаган фуқаро пул тўламайди. Тестдан ўтган фуқаролар «Россия Халқлар дўстлиги университети» сертификатини олиб, Россияда патентга мурожаат қилади. Патентга ариза бериш, расмга тушиш, паспортни нотариал таржима қилиш, суғурта полиси олиш кабиларни Ўзбекистонда амалга ошириш имконияти бор.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 17 август куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида хорижий меҳнат миграциясини қўллаб-қувватлаш учун янги тизим яратилиши айтилган эди. Шунингдек, Олий Мажлис Сенати 7 август куни бўлиб ўтган олтинчи ялпи мажлисида Россияда меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқаролари ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш тўғрисида қарор қабул қилганди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Россия ҳудудида ишлаш ҳуқуқини берувчи патентни Ўзбекистонда олиш имконияти яратилиши мумкин