08:11 / 25.08.2020
1 217

Коронавируснинг энг кўп учрайдиган аломатлари фоизларда маълум қилинди

Коронавируснинг энг кўп учрайдиган аломатлари фоизларда маълум қилинди
АОКАда ўтказилган брифингда Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Наргиза Нуруллаева фуқаролардан келиб тушган навбатдаги саволларга жавоб берди.

Мурожаатлардан бирида ҳозирги вақтда коронавирус инфекциясининг симптомлари ўзгараётгани эҳтимоли ҳақида сўралган.
Маълум қилинишича, коронавирус инфекциясида фоизлар нисбатида олинса, энг кўп қуйидаги белгилар учрайди:
- 90 фоиз ҳолатларда – тана ҳарорати кўтарилиши;
- 80 фоиз ҳолатда – йўтал (қуруқ ёки кам миқдорда балғам билан);
- 55 фоиз ҳолатда – ҳансираш;
- 44 фоиз ҳолатда – тез чарчаш;
- 20 фоиздан кам ҳолларда – кўкрак қафасида нохушлик ҳисси;
- миалгия, ҳушнинг бузилиши, бош оғриши, қон тупуриш, диарея, кўнгил айниши, қусиш, юрак уриб кетиши, томоқда оғриқ, бурун битиши, ҳид ва таъм сезгисининг пасайиши;
- 2-11 фоиз ҳолатларда – коньюктивит белгилари.
«Касалланишнинг 6-8 кунларига келиб ҳансирашнинг оғирлашиши юзага келади. Қарияларда касаллик атипик кўринишда яъни, ҳарорат кўтарилиши, йўтал, ҳансираш каби белгиларсиз кечиши мумкин.
Кузатилиши мумкин бўлган белгиларга делирий, тушкунлик, ҳолсизлик, конъюнктивит, васваса, тахикардия ёки АҚБнинг пасайиши киради
», деди штаб аъзоси саволга жавобан.

Мурожаатлардан бирида фуқаро коронавирусга қарши ҳосил бўлган антитаначаларни аниқловчи диагностика қимматлигидан шикоят қилган.
«Хусусий клиникалар антитаначаларни аниқлайдиган реактивларни ўзлари сотиб олади ва шундан келиб чиқиб, нархларни ўзлари белгилайди», деди Наргиза Нуруллаева.

Штаб аъзоси инфекция юқтирганлар кўплиги, бироқ статистикада эълон қилинмаслиги тўғрисидаги саволга ҳам жавоб берди. Мурожаатлардан бирида фуқаро Сovid-19 бўйича эълон қилинадиган статистика қанчалик тўғрилиги ҳақида сўраб, Сурхондарё вилояти бўйича статистика умуман йўқлигини, инфекция юқтирганлар кўплиги, лекин эълон қилинмаслигини айтган.

«Коронавирусга чалинган беморларнинг сони ҳар куни оммавий ахборот воситаларда ва ССВ сайтида вилоятлар кесимида эълон қилинади.
Буларнинг сони яширилмайди, фақат ПЗР тести орқали аниқланган беморларнинг сони статистик маълумотларга киради
», деди Наргиза Нуруллаева.

Яна бир мурожаатчи шаҳар тиббиёт бирлашмаси кардиология бўлимида ҳамшира бўлиб ишлаши, иш жараёнида коронавирус юқтириб олганини айтиб, шифохона маъмурияти томонидан қандай имтиёз берилиши ҳақида сўраган.

«Агар сизда фаолият кўрсатадиган муассасанинг қизил зонасида ишлаш пайтида ПЗР тести орқали коронавирус аниқланган бўлса, бу муаммо бўйича Молия вазирлигининг ишончли телефон рақамига савол бериб, имтиёзлар бўйича жавоб олишингиз мумкин», деди штаб аъзоси мурожаатга жавобан.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)