17:17 / 08.09.2020
2 410

Нурмат Отабеков: «Тўрт ой нималарни гапириб берган бўлсам, барчасини ўзимда кузатдим»

Нурмат Отабеков: «Тўрт ой нималарни гапириб берган бўлсам, барчасини ўзимда кузатдим»
Ўзбекистон бош давлат санитария инспектори, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик назорат давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков коронавирусдан даволаниб чиққанидан сўнг ўзида кечган ҳолатлар ҳақида «Шифобахшуз» Telegram каналига маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, июль ойи охирида Республика махсус комиссияси ва Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Нурмат Отабековда коронавирус аниқланган эди. Профессор Нурмат Отабековнинг маълум қилишича, у тана ҳароратини кўтарилиши белгилари билан шифохонага ётқизилган.

«Мен коронавирусга чалинганлигимни 28 июль куни билдим. Икки маротаба лаборатория текшируви мусбат натижа берди. Дастлабки саккиз кун давомида менда жиддий клиник белгилар кузатилгани йўқ. Бироқ шифохонага ётганимнинг саккизинчи кунидан бошлаб пневмония белгилари кузатила бошланди ва олти кун давомида нафас етишмовчилиги билан боғлиқ клиник белгилари кузатилди. Рентген ва мультиспирал компьютер томография текширувлари ўпкамнинг 50 фоизида яллиғланиш борлигини кўрсатди. Касалликнинг 14-15 кунларига бориб ҳид ва таъм билиш белгиларининг йўқолиши намоён бўла бошлади. Айниқса, аччиқни сезиш кескин камайганини сездим. Лекин туз ва ширинликни таъмини сезиш имконияти сақланиб қолди», – деди профессор.

Суҳбат давомида Бош давлат санитария инспектори касалликнинг клиник белгиларининг барчасини ўзида кузатилганини айтиб ўтди.

«Шифохонада 21 кун даволаниш баробарида, ўтган тўрт ой давомида касалликнинг клиник белгилари бўйича нималарни аҳолига гапириб берган бўлсам, барчасини ўзимда кузатдим. Ҳолсизланиш, терлаш, тана ҳароратининг кўтарилиши, ҳид ва таъм билишнинг пасайиши, нафас олишдаги муаммолар, ичак фаолиятининг бузилиши кабиларнинг барчасини ўзимда кузатдим. Менда шунақанги тушунча пайдо бўлдики, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти касаллик ташхиси, даволаш усуллари ва профилактикаси бўйича берган тавсияларининг ҳаммаси ўринли ва асосланган», – деди Санитария-эпидемиологик назорат давлат инспекцияси бошлиғи.

Маълумот учун, Бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков 2020 йилнинг 23 июль куни Ўзбекистон Президенти томонидан имзоланган «Коронавирус пандемиясига қарши курашишда фидойилик кўрсатган юртдошларимиздан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида»ги фармонга кўра, «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан тақдирланган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Нурмат Отабеков: «Тўрт ой нималарни гапириб берган бўлсам, барчасини ўзимда кузатдим»