Наманганда 5 ёшли қиз зўрланиши билан боғлиқ иш бўйича қўшимча маълумотлар берилди

Наманганда 5 ёшли қиз зўрланиши билан боғлиқ иш бўйича қўшимча маълумотлар берилди
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • Наманганда 5 ёшли қизга нисбатан жиноий ҳаракат содир этилгани бўйича Жиноят кодексининг 118-моддаси 4-қисми ва 112-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи К.М. суд қарори билан қамоққа олинган.
  • Жиноят кодексининг 118-моддаси 4-қисми вояга етмаган шахсга нисбатан номусга тегиш учун 15 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини назарда тутади.

Аввалроқ Наманган вилоятидаги мактабгача таълим муассасасида 5 ёшли тарбияланувчига нисбатан жиноий ҳаракат содир этилгани ва гумонланувчи қамоққа олингани ҳақида хабар берилган эди. Ҳолат юзасидан янги маълумотлар маълум қилинди.

Болалар омбудсмани маълумотига кўра, воқеа бўйича Учқўрғон тумани ИИБ Тергов бўлими томонидан 12 сентябрь куни Жиноят кодексининг 118-моддаси 4-қисми ҳамда 112-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Тергов доирасида жиноятни содир этганликда гумонланаётган К.М. процессуал тартибда ушланган. Суд қарори билан унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси белгиланган.

Айни пайтда иш бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Қонунчиликка кўра, Жиноят кодексининг 118-моддаси 4-қисми вояга етмаган шахсга нисбатан номусга тегиш билан боғлиқ жиноят учун 15 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини назарда тутади. Бундай жиноятлар учун жазони ўташ билан боғлиқ айрим енгилликлар қўлланилмайди.

Ҳодисадан сўнг ҳудуддаги “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази мутахассислари томонидан жабрланган бола ва унинг оиласига зарур психологик, тиббий, ижтимоий ҳамда ҳуқуқий ёрдам кўрсатилган. Мазкур кўмак ишлари ҳозир ҳам давом этмоқда.

Болалар омбудсмани эса ишни кузатиб, вояга етмаган жабрланувчининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланишини назорат қилмоқда.

Шу билан бирга, ижтимоий тармоқларда воқеа юзасидан тасдиқланмаган турли хабарлар тарқалаётгани қайд этилди. Боланинг шахси, шаъни ва қадр-қимматига дахл қилувчи маълумотларни тарқатиш унинг манфаатларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Болалар омбудсмани ОАВ ва ижтимоий тармоқларда ҳолатни ёритишда вояга етмаган жабрланувчининг манфаатларини биринчи ўринга қўйиш ҳамда фақат расмий манбаларда келтирилган маълумотларга таянишга чақирди.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар