15:00 / 25.09.2020
1 619

Россия жамғармаси Ўзбекистонга коронавирусга қарши 35 миллион доза вакцина етказиб бериш бўйича келишувга эришди

Россия жамғармаси Ўзбекистонга коронавирусга қарши 35 миллион доза вакцина етказиб бериш бўйича келишувга эришди
Фото: EPA
Россия тўғридан-тўғри инвестициялар фонди (РТИФ) ва LAXISAM фармацевтика компанияси Ўзбекистонга 35 миллион доза «Спутник V» вакцинасини етказиб бериш бўйича келишиб олди. Бу ҳақда фонд матбуот хизматига таяниб, «РБК» хабар берди.

«Ўзбекистондаги назорат органлари томонидан рухсат берилгач, 2020 йилда республикага 10 миллион дозагача, 2021 йилда эса яна 25 миллион доза вакцина етказиб берилиши мумкин», — дейилади РТИФ матбуот хизмати ахборотида.

РТИФ раҳбари Кирилл Дмитриевнинг таъкидлашича, ушбу вакцинанинг етказиб берилиши билан Ўзбекистон тиббиёт ходимлари коронавирусга қарши курашда «илғор восита»га эга бўлади, бу эса ўз навбатида узоқ муддатли иммунитетни шакллантириш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш имконини беради.

LAXISAM 1994 йилда асос солинган оилавий компания бўлиб, 1995 йилдан бошлаб асосий фаолият йўналиши фармацевтика маҳсулотлари импорти ҳисобланади. 2012 йилдан ишлаб чиқариш фаолиятини ҳам йўлга қўйган.

Корхона ва ташкилотларнинг ягона реестри маълумотларига кўра, LAXISAM компаниясига Шавкат Анварович Алимуҳамедов раҳбарлик қилади; компаниянинг 46,20 фоизи Мактуба Ҳидоятовна Исмоиловага, 26,90 фоизи Сайёра Шавкатовна Исмоилова ва 26,90 фоизи Ҳилола Шавкатовна Ҳасановага тегишли.

LAXISAM муассислигида 2011 йилда LAXISAM Pharmaceuticals компанияси ташкил этилган бўлиб (ушбу компаниянинг 93,90 фоизи LAXISAM’нинг ўзига тегишли), унга Аҳмад Тошмуҳамедов раҳбарлик қилади. Компаниянинг қолган 6,10 фоизлик улуши Шавкат Исмоиловга тегишли.

Эслатиб ўтамиз, Россиянинг Гамалея институти томонидан яратилган коронавирусга қарши икки компонентли вакцина 11 август куни вақтинчалик рўйхатдан ўтиш гувоҳномасини олган. Вакцина тўлиқ самарадорлик тадқиқотини ўтказиш шарти билан рўйхатдан ўтказилган ва гувоҳнома 2021 йил 1 январга қадар амал қилади. Вакцина «Спутник V» деб номланган.

Вакцинани яратиш ва тадқиқ қилиш ишларини молиялаштирувчи Россиянинг тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси раҳбари Кирилл Дмитриев Россияда коронавирусга қарши оммавий эмлаш 2020 йил октябрь ойидан бошланишини айтганди.

Шунингдек, «Роспотребнадзор»нинг «Вектор» давлат илмий маркази томонидан ишлаб чиқилган коронавирус инфекциясига қарши иккинчи вакцина клиник синовларининг иккинчи босқичи якунига етказилиши билан гувоҳномага эга бўлиши мумкинлиги хабар қилинганди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)