16:00 / 01.10.2020
986

Қоидабузарлигини TikTok аккаунтига жойлаб мақтанган эрка ўғил жаримага тортилди

Қоидабузарлигини TikTok аккаунтига жойлаб мақтанган эрка ўғил жаримага тортилди
Ижтимоий тармоқларда йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳайдовчининг TikTok аккаунти скриншот ва видео TikTok ёзувлари тарқалди.

Тошкент шаҳар ИИББ маълум қилишича, «Tracker» русумли автомобиль ҳайдовчиси (давлат рақами 01 К 550 ХА) – 20 ёшли Исмоилов Дилшод Усмон ўғли Чилонзор тумани Бунёдкор кўчасида авариявий ҳолатни юзага келтиргани сабабли (видеога туширилган ҳолат) Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 128-5 моддаси иккинчи қисмига мувофиқ жаримага тортилди. Унинг автомобили жарима майдончасига жойланди.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг маълумотларига кўра, мазкур ҳайдовчи 2019 йилда 8 та ҳуқуқбузарлик содир этганлиги қайд этилган («Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини ошириб юбориши»), 2020 йилда ҳам у томондан содир этилган ҳуқуқбузарликлар сони 8 тани ташкил этмоқда (худди ўша модда бўйича, шулардан тўрттасининг жаримаси тўланган).

Ижтимоий тармоқларда келтирилишича, қоидабузар Тошкент марказида машинаси тезлигини 150 км/соатгача кўтарган. Шунингдек, унинг отаси Тошкент вилоятидаги шаҳарлардан бирининг ҳокими экани айтилади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)