17:30 / 02.10.2020
1 179

Хазонрезги мавсумидаги касалликларга қарши иммунитетни қандай ошириш мумкин?

Хазонрезги мавсумидаги касалликларга қарши иммунитетни қандай ошириш мумкин?
АОКА залида Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Барно Абдусаматова аҳолидан тушган айрим саволларга жавоб берди.

- Хазонрезги мавсумининг бошланиши, ҳаво ҳарорати совиб бориши билан айрим касалликлар юзага чиқади. Ушбу даврда организм иммунитетини қандай ошириш мумкин?
- Инсон иммунитети кўп омилларга боғлиқ. Авваламбор бу — инсоннинг жисмоний ва руҳий саломатлиги, яшаш тарзи, яшаётган муҳитига ҳам боғлиқ.

Хусусан, иммунитетнинг сусайишига: интоксикация, турли заҳарланишлар, ҳаддан ташқари чарчаш, оч қолиш, нотўғри овқатланиш, стресс ҳолатлари, касал юқишидан хавотирга тушиш ва қўрқиш, аввалдан кўп ва тез-тез турли касалликларга чалиниш, зарарли одатлар олиб келиши мумкин. Қондаги оқ таначалар ёки лимфоцитларнинг кескин камайиб кетиши — инсон иммун тизимининг сусайганини кўрсатади.

Иммунитетни кўтариш учун соғлом турмуш тарзига риоя қилиш, зарарли одатлардан воз кечиш, ўз вақтида ва тўғри овқатланиш, маҳсулотлар орасида етарли даражада оқсил, углевод, витамин ва минералларнинг бўлиши муҳим.

- Турмуш ўртоғим короновирус билан касалланиб, шифокор назорати остида уйда даволанмоқда. Коронавирусга чалинган беморлар қандай озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиши керак?
- COVID-19 билан касалланганлар учун таомлар енгил ҳазм бўладиган, витамин, микроэлемент ва оқсилга бой бўлиши керак.
Таомларни кичик ҳажмда барра салат ва кўкатлар билан бирга истеъмол қилиш тавсия этилади.

Булар — қайнатма шўрвалар, қийма гўштларидан тайёрланган котлетлар, тефтеллар, фрикаделкалар, балиқ гўшти, творог, сувда қайнатиб чала пиширилган тухум, дуккаклилардан тайёрланган суюқ таомлар, арпа бўтқалари.

Шунингдек, кўп миқдорда суюқлик ичилиши мақсадга мувофиқ. Турли мева шарбатлари, компотлар, кўк чой, лимон, смородина, занжабил, асал ва малина чойлари шулар жумласидан.

- Коронавирусни юқтириб олган инсонлар жисмоний фаоллик билан шуғулланишлари тавсия этиладими ёки кўпроқ дам олишлари керакми?
- Ҳаммаси меъёрида бўлиши керак. Касаллиги аломатсиз ёки енгил шаклда кечаётган беморлар нафас тизими функционал ҳолатини ва жисмоний фаолликни унутмасликлари керак, яъни ҳар кунги эрталабги қиздирувчи 10-15 минутлик бадантарбия машқлари жуда муҳим.

Нафас гимнастикаларини кун давомида 3 марта, имкон қадар 5-10 минутдан амалга ошириш керак. Чуқур нафас олиш 6 секунд давомида ва секин нафас чиқариш 4-5 мартагача. Бу машқлар вируснинг ўпка тўқимасига мойиллиги борлиги учун ҳам яхши шамоллатилган хонада бажарилиши керак.

Нафас гимнастикасининг жуда хилма-хил турлари мавжуд: Бурденко усули, Йога, Тибет усуллари. Сиз ўз шифокорингиз билан бу усуллар хақида маслаҳатлашишингиз мумкин ёки уларни ҳар бир киши мустақил равишда ижтимоий тармоқлардан топиб, ҳар ким ўзи учун мосини танлаб, ўзлаштириши мумкин.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)