20:55 / 05.11.2020
3 990

Зарбдор тумани ҳокими Зафар Рўзиев Captiva хизмат машинаси бўла туриб, 370 миллион сўмга Trailblazer сотиб олди

Зарбдор тумани ҳокими Зафар Рўзиев Captiva хизмат машинаси бўла туриб, 370 миллион сўмга Trailblazer сотиб олди
Жиззах вилояти Зарбдор тумани ҳокими хизмат машинаси сифатида Trailblazer сотиб олган, аввал туман ҳокими хизматида бўлган Captiva унинг биринчи ўринбосарига берилган. Бу ҳақда «Жиззах» телеканали хабар берди.

Ижтимоий тармоқларда Зарбдор тумани ҳокимлиги томонидан учинчи чоракда даромадлар режасини ошириб бажарилган қисмидан ҳоким учун Trailblazer хизмат автомашинаси сотиб олингани кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.

Фото: Зарбдор тумани ҳокимлиги
Маълум бўлишича, 5 октябрь куни туман ҳокими томонидан бир дона Trailblazer русумли хизмат машинаси сотиб олиш мақсадида қарор чиқарилган. Бунинг учун 370 миллион 140 минг сўм маҳаллий бюджетнинг учинчи чорак даромадлар режасидан ошириб бажарилган қисмидан ажратилиши белгиланган.

Телеканал мухбири маҳаллий бюджет маблағлари нима учун тумандаги муаммоларга эмас, балки қимматбаҳо машина сотиб олингани ҳақидаги саволга жавоб топиш мақсадида Зарбдор тумани ҳокимлигида бўлган.

Тумани ҳокими Зафар Рўзиев шифохонада даволанаётгани, унинг биринчи ўринбосари эса хизмат сафарида эканлиги сабабли мухбир саволларига Зарбдор тумани ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммунал хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Алишер Эржигитов жавоб берган.

Алишер Эржигитов Trailblazer сотиб олинишига тумани ҳокимининг ўринбосари – маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлим бошлиғида хизмат машинаси йўқлигини сабаб қилиб кўрсатган.

«Ажратилган маблағни озроқ қисмига қўшган ҳолда хизмат машинаси олинди. Ҳоким миниб юрган Captiva русумли автомашина таъмирдан чиқарилиб, биринчи ўринбосарга берилди. Биринчи ўринбосар хизматида бўлган Lacetti автомашинаси эса таъмирланиб, маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш масалалари бўйича ҳоким ўринбосарига берилди», – деди тумани ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммунал хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари.

Туман 2020 йилнинг 9 ойлик якуни бўйича тушумни 1 миллиард 327 миллион сўм бюджетдан орттириб бажарган.

«Орттириб бажарилган пулдан туман тиббиёт бирлашмасига маблағ ўтказиб берилди. Мактаб ўқувчиларини пандемия даврида ҳимоялаш учун халқ таълими бўлимига хавфсизлик мосламалари учун ҳам маблағ ўтказилган. Бундан ташқари, «темир дафтар»га киритилган ва қийналган оилаларга ёрдам сифатида маблағ чиқарилган. «Аёллар дафтари» ҳамда «ёшлар дафтари»ни ташкил қилиш учун маблағлар сарфланган. Уйсиз 5 та оилага уй-жой мақсадида 250 миллион сўм сарфланган. Битта маҳаллада сув таъминотини яхшилаш учун 67 миллион сўм йўналтирилган. Шунингдек, кўчаларга шағал ётқизиш мақсадида ёқилғи маҳсулоти учун маблағ сарфланган», – деди ҳокимлик вакили.

Эслатиб ўтамиз, «2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисида»ги қонуннинг 20-моддасига кўра, маҳаллий бюджетларнинг қўшимча маблағлари биринчи навбатда ижтимоий соҳа муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга йўналтирилиши лозим.

Маълумот учун, пандемия даврида Учқўрғон, Поп, Қўшработ ва Нарпай тумани ҳокимликлари ҳам Trailblazer сотиб олган. Шунингдек, Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси 2020 йилнинг август—октябрь ойларида 28,3 миллиард сўмлик транспорт воситаларини 30 та Equinox, 40 та Cobalt, 17 та Malibu-2 харид қилгани хабар қилинган эди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Зарбдор тумани ҳокими Зафар Рўзиев Captiva хизмат машинаси бўла туриб, 370 миллион сўмга Trailblazer сотиб олди