Навоий вилоятининг собиқ ҳокими Баҳриддин Рўзиев вафот этди

Давлат ва жамоат арбоби, Навоий вилоятининг собиқ ҳокими, меҳнат фахрийси Баҳриддин Муртазоевич Рўзиев 11 ноябрь куни 76 ёшида вафот этди. Президент Шавкат Мирзиёев марҳумнинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Баҳриддин Рўзиев 1950 йил 23 августда Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида туғилган. Меҳнат фаолиятини Кармана тумани йўл қурилиши бирлашмасида авточилангар сифатида бошлаган. Кейинчалик Тошкент политехника институтида муҳандис-механик мутахассислиги бўйича таҳсил олган, Москва ижтимоий фанлар академиясида ҳам ўқиган.
У турли йилларда Навоий вилояти газлаштириш бошқармаси, ҳудудий коммунал фойдаланиш бошқармасига раҳбарлик қилган, Конимех тумани ҳокими лавозимида ишлаган. 2002 йилда Навоий вилояти ҳокими этиб тайинланган ва 2008 йил декабригача ушбу лавозимда фаолият юритган.
Вилоятга раҳбарлик қилган даврида саноат ва ишлаб чиқаришни ривожлантириш, инвестициялар жалб қилиш, экспорт салоҳиятини оширишга ҳисса қўшган. Хусусан, «Навоий» эркин индустриал-иқтисодий зонасини ташкил этиш ҳамда халқаро аэропорт негизида логистика марказини барпо этиш ишларида фаол қатнашган.
Президентнинг ҳамдардлик мактубида Баҳриддин Рўзиевнинг давлат ва жамоат ишларидаги хизматлари, ёшларни тарбиялаш ҳамда мамлакат ривожига қўшган ҳиссаси эътироф этилган. Марҳумнинг хотираси қалбларда сақланиб қолиши таъкидланган.
Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар
































Изоҳлар0
…