13:00 / 12.11.2020
1 503

Абдуҳакимов: «Велосипедда юраман десангиз, ҳар ўн метрда ариқ учрайди, ё йўл бузилган бўлади, ё зина чиқиб қолади»

Абдуҳакимов: «Велосипедда юраман десангиз, ҳар ўн метрда ариқ учрайди, ё йўл бузилган бўлади, ё зина чиқиб қолади»
11 ноябрь куни Тошкентда вилоят ҳокимларининг туризм ва спортни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосарлари учун ташкил этилган ўқув-семинарининг очилишида бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов ҳам иштирок этди. У ўз нутқида ечимини кутаётган айрим камчиликларга тўхталган, деб ёзмоқда «Kun.uz» нашри.

Бош вазир ўринбосари кўчалардаги пиёда ва велойўлаклар қониқарсиз аҳволда эканига алоҳида урғу берди.
«Ёшларимиз, бошқа катта ёшли аҳолимиз ҳам жисмоний машғулот билан шуғуллангиси келади. Лекин жой йўқ. Ўзимнинг мисолимда айтадиган бўлсам, бир нечта вилоят раҳбарлари билан кўчаларда юриб кўрдик. Узоқ бир қишлоқни айтмаяпман, йирик шаҳарларимиздаги ҳолат ҳам юриб бўлмайдиган даражада. На югурса бўлади, на велосипедда юрса. Белгиланган йўл белгилари йўқ. Велосипедда юраман десангиз, ҳар ўн метрда ё ариқ учрайди, ё йўл бузилган бўлади, ё зина чиқиб қолади ва ҳоказо.

Самарқандни мисол қилсак, вилоят ҳокими шаҳар ва туман раҳбарлари бир ҳафта кўчаларни пиёда айлансин, деб қарор чиқарди. Нимага вилоят ҳокими шунақа қарор қилди? Негаки, каттакон раҳбарлар машинада юраверса, оддий одамларимиз, фуқаролар пиёда юраётган йўлаклар ёки велойўлаклар қанақа ҳолатда эканини билмайди. Улар кўчалардан машинани ванғиллатиб ҳаммаёқни чанг бостириб ўтиб кетади. Нима дегани бу? Умуман, билмадим бу қанақа ҳолат бўлади
», – деган Азиз Абдуҳакимов.

Аввалроқ Азиз Абдуҳакимов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Тошкент шаҳридаги велойўлакчаларни кўздан кечирган ва ҳайдовчиларни ўз машиналарини велойўлакчаларга қўймасликка чақирганди.

Эслатиб ўтамиз, Президент фармонига асосан, 2021 йил 1 майга қадар Ўзбекистон шаҳарлари ва ҳар бир туман марказида пиёда ва велосипедда юриш учун «Саломатлик йўлаклари», «Велосипед йўлаклари» қурилади.

Мазкур йўлакларнинг умумий узунлиги 3–5 километр бўлиб, ўзаро узвий боғлиқ бўлади. Уларга энерготежамкор, ҳаракат сенсорлари билан жиҳозланган ёритиш тизимлари ўрнатилади. Йўлаклар бошланиши, оралиғи ва якунини кўрсатувчи йўл белгилари ва ёруғлик қайтарувчилар билан тўлиқ таъминланади. Бунда ногиронлиги бўлган шахслар учун қулайликлар яратилиши кўзда тутилган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Абдуҳакимов: «Велосипедда юраман десангиз, ҳар ўн метрда ариқ учрайди, ё йўл бузилган бўлади, ё зина чиқиб қолади»