Сергелида янги мактаблар ва сунъий кўллар қурилади

Сергели туманида ўқувчилар учун янги типдаги мактаблар қуриш, сунъий кўллар барпо этиш ва каналлар бўйида замонавий сайилгоҳлар ташкил қилиш режалаштирилмоқда. Бу лойиҳалар мактаблардаги юқори юкламани камайтириш ва аҳоли учун қулай, салқин ҳамда яшил муҳит яратишга қаратилган.
Мактаблар қувватидан икки карра ортиқ ишламоқда
Айни пайтда Сергелидаги айрим мактабларда ўқувчилар сони муассаса қувватидан 1,5–2 баробар кўп.
Ушбу муаммони ҳал қилиш мақсадида ўқувчи ўринлари сонини икки карра ошириш имконини берадиган янги типдаги мактаблар қуриш таклиф этилмоқда.
Янги лойиҳага кўра:
спорт зали ертўлада жойлашади;
ошхона ва устахона пастки қаватдан ўрин олади;
юқори қаватлар тўлиқ синф хоналари учун ажратилади.
Бу ёндашув чекланган ҳудуддан самарали фойдаланиш ва бир мактабда кўпроқ боланинг таълим олишига шароит яратади.
«Пойтахт тажрибаси» яратилади
Жорий йил Тошкент шаҳрининг ҳар бир туманида биттадан мактаб ва мактабгача таълим ташкилотида янги ёндашувни синовдан ўтказиш топширилди.
Натижалар асосида замонавий таълим муассасаларини қуриш бўйича «пойтахт тажрибаси» шакллантирилади.
Сергелида учта сунъий кўл барпо этилади
Тошкентда аҳоли ва сайёҳлар учун салқин микроиқлим яратиш мақсадида жами 12 та сунъий кўл ташкил этиш ишлари бошланмоқда.
Улардан учтаси Сергели туманидаги:
Султонобод;
Фароғатли маҳаллаларида барпо этилади.
Ушбу кўлларнинг умумий майдони 22 гектарни ташкил қилади.
Кўллар нафақат пойтахт иқлимини мўътадиллаштириш, балки аҳолининг пиёда сайр қилиши ва ҳордиқ чиқариши учун замонавий масканларга айлантирилиши белгиланди.
«Жўн» канали бўйида сайилгоҳ очилади
Ҳозирда «Жўн» каналининг Сергели ва Янгиҳаёт туманларидан ўтувчи 5 километр қисмида бетонлаштириш ишлари бошланган.
Икки туман ҳокимларига йил якунига қадар канал бўйида:
замонавий сайилгоҳ;
аҳоли учун саломатлик йўлаги;
дам олиш ҳудудларини ташкил этиш топширилди.
Чирчиқ дарёси бўйида «яшил белбоғ» яратилади
Чирчиқ дарёсининг Тошкент ҳудудидан ўтувчи 16 километр қисмида ўзанни мустаҳкамлаш ишлари ҳам бошланди.
Лойиҳа доирасида қўшимча 300 гектар ҳудудда «яшил белбоғ», сайилгоҳлар, пиёдалар ва велосипед йўлаклари ташкил этилади.
Ушбу ўзгаришлар Сергели ва Янгиҳаётнинг нафақат инфратузилмасини, балки умумий қиёфаси ва аҳоли учун қулайлигини ҳам сезиларли даражада яхшилаши кутилмоқда.































Изоҳлар 0
…