20:34 / 30.11.2020
3 085

Узоқ умр кўришнинг энг камчиқим йўли

Узоқ умр кўришнинг энг камчиқим йўли
— Ишонасизми, маҳалламиздаги савдо дўконига ҳам пиёда боришга эриниб, машинада бориб келаман, — дейди ортиқча вазн туфайли бир неча касалликлар орттирган ҳамкасблардан бири қийналиб нафас олганича. — Агар имкони бўлса, уйимиздаги ҳожатхонага ҳам машинада борсам дейман...

— Уйда ёки чойхонада ёнбошлаб ётиб овқатланиш жону дилим, — дейди унга бошқа бир ҳамкасб. — Ўтириб овқатлансам худди роҳатланиш тўлиқ бўлмаётгандек бўлаверади...

Бугунги дориламон кунлар жисмоний фаоллик, соғлом турмуш тарзига қатъий амал қилиш борасида ҳамюртларимизни анча айёр ва камҳаракат қилиб қўйгани айни ҳақиқат.

Бундай касалликларга қарши иммунитетни мустаҳкамловчи энг муҳим омил – соғлом турмуш тарзи, жисмоний фаол ва серҳаракат бўлишда эканлиги барчамизга яхши маълум.

Маълум бўлишича, бугунги кунда Фарғона вилоятида спорт билан оммавий равишда шуғулланаётганлар 436 минг нафарни ташкил этиб, бу умумий аҳолининг атиги 7,1 фоизига тенг, холос. Ҳозирда вилоят аҳолисининг 233 минг нафари юрак-қон томир, 55 минг нафари нафас йўллари яллиғланиши, 4 мингдан ортиғи ортиқча вазн касалликларидан қийналмоқда. Вилоят аҳолисининг 41 фоизида қондаги холестерин миқдори ортган.

Вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси мутасаддиларининг маълум қилишича, ўрганишлар натижасида 171 та давлат идоралари, 48 та корхона-ташкилотларда спорт билан шуғулланиш учун умуман шароит яратилмагани аниқланди. Вилоятнинг 12 та марказий кўчалари, 500 та маҳалла, 93 та қишлоқ, 2 та маданият ва истироҳат боғида пиёда, велосипедда юриш учун махсус йўлаклар, эрталабки бадантарбия машғулотлари билан шуғулланишга спорт майдончалари йўқ.

Айни пайтда Фарғона вилоятининг туман марказлари ва шаҳарларда пиёда, велосипедда юриш учун «Саломатлик йўлаклари» ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларга «Тўсиқсиз муҳит» яратиш муҳим вазифа сифатида белгиланган. Шунингдек, 125 та спорт заллари, 9 та спорт иншооти ва 268 та спорт майдончаларини қуриш ва таъмирлаш ишларини 2021 йилдан бошлаб босқичма-босқич ривожлантириш дастурига киритиш режалаштирилмоқда.

Б. Мадиёров

Манба: Xs.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Узоқ умр кўришнинг энг камчиқим йўли