09:39 / 01.12.2020
4 161

Андижон вилояти прокуратурасига шикоят билан келган аёл устига бензин сепиб, ўзини ёқиб юборди

Андижон вилояти прокуратурасига шикоят билан келган аёл устига бензин сепиб, ўзини ёқиб юборди
Фото: Shutterstock
Андижон вилояти прокуратурасига шикоят билан борган аёл олган жавобидан қониқмай, идора автотураргоҳида устига бензин қуйиб, ўзига ўт қўйиб юборди. Танасининг 15 фоизи куйган аёл айни пайтда шифохонада. Аҳволи ўртача оғир экани айтилмоқда.

Воқеа 30 ноябр, душанба куни соат 13:20лар атрофида рўй берган. Ҳодисада турмуш ўртоғининг ҳам фаол иштироки борлиги айтилмоқда. Аёл воқеадан олдин вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари қабулида бўлган.

Бош прокуратура ахборотига кўра, ушбу фуқаро тергов органининг ваколатига кирмайдиган чора кўришни сўраган.

Воқеа оиладаги бошқа бир суицид билан боғлиқ
Бош прокуратура маълумотига кўра, воқеалар ривожи шу йилнинг 24 июлига бориб тақалади. Ўша куни кеч соат 23:00ларда Марҳамат тумани «Тош йўли» МФЙ Садоқат кўчасида яшовчи 21 ёшли Н.М., севган йигитини кутиб турган вояга етмаган қиз Т.М.ни телефонига суратга олган. Шундан сўнг Н.М. бу суратларни қизнинг ота-онаси ва профилактика инспекторига кўрсатишини айтган.

Бундан қўрққан Т.М. ўзини осиб, жонига қасд қилган. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 141-1-моддаси (Шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳозирда давом этмоқда.

Терговдан норози она
Марҳум қизнинг онаси С.Б. олиб борилаётган тергов ҳаракатларидан норози бўлиб, 30 ноябр куни соат 12:15ларда Андижон вилоят прокуратурасига келган ва вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари Ф.Раҳмонов қабулида бўлган.

«У қабул жараёнида терговчи томонидан уларнинг талаблари бажарилмасдан, унинг фикрича қизининг вафотига айбдор бўлган Н.М.дан етказилган зарар ҳисобига «Спарк» автомашинаси ундирилмаётганидан норозилигини билдирган.

Вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари Ф.Раҳмонов қабул жараёнида жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари давом этаётгани, «Спарк» автомашинасини ундириш тергов органларининг ваколатига кирмаслиги, тергов якуни бўйича барча айбдор шахсларга нисбатан қонуний чоралар кўрилишини тушунтирган
», – дейилади Бош прокуратура ахборотида.

Аёлни суицидга эри ундагани айтилди
Олинган жавобдан қониқиш хосил қилмаган аёл «Спарк» машинаси ундирилмаган тақдирда, ўзига ўт ёқиб, жонига қасд қилишини билдирган ва вилоят прокуратурасини тарк этган. Вазият кескинлашуви ва бошқа ҳолатларнинг олдини олиш учун Андижон вилоят ИИБ пост-патрул хизмати ходимлари вилоят прокуратурасига чақирилган.

Шу куни соат 13:20ларда С.Б. вилоят прокуратураси автотураргоҳида бақириб, бошқа шахсларни ўзига жалб қилиб, ўз устидан бензин қуйган.
Бош прокуратура хабарида айтилишича, аёл ичида бензин бўлган 1 литрли пластмасса идишни турмуш ўртоғи Х.Т.дан олган. Аёл ўша вақтда ўзини ёқиб, прокуратура биноси ичига югуриб кириб кетиш ҳақида ўз эридан кўрсатма олгани айтилмоқда.

Воқеани кузатиб турган Андижон вилоят ИИБ пост-патрул хизмати ходимлари С.Б.нинг эгнида ёнаётган кийимларини ечиб олиб, оғир жароҳат олишининг олдини олган.

Бемор шок ҳолатда
Аёлнинг юзи, қўллари, бўйин ва кўкрак қафаси соҳалари – танасининг жами 15 фоиз қисми куйган.
РШТЁИМ Андижон вилоят филиали масъул ходими Kun.uz мухбирига маълум қилишича, фуқаро С.Б шифохонага соат 14:30ларда олиб келиниб, куйиш бўлимига ётқизилган.

Маълум қилинишича, 30 ноябр кечқурун ҳолатига аҳволи «ўртача оғир» дея тавсифланган. Бемор айни пайтда шок ҳолатида.

Kun.uz вилоят ИИБдан олган маълумотлар ҳам юқоридаги Бош прокуратура ахборотларини такрорлайди. ИИБ хабаридан маълум бўлишича, аёл Марҳамат туман Хўжаариқ МФЙ Улуғвор кўчасида истиқомат қилади.

Ҳолат бўйича Андижон шаҳар прокуратураси терговга қадар текширув бошлаган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Андижон вилояти прокуратурасига шикоят билан келган аёл устига бензин сепиб, ўзини ёқиб юборди

Жамият янгиликлари