18:43 / 20.12.2020
2 725

Бош айланиши нимадан дарак беради?

Бош айланиши нимадан дарак беради?
Баъзан инсон турган жойида қалқиб кетиб, атрофдаги буюмлар ўзи билан бирга ҳаракатлангандай, чирпирак бўлиб айлангандай туюлади. Бундай ҳолатларда, бош айланишидан кўпчилик беморлар шикоят қилади. Айниқса, бу ҳолат катта ёшли инсонларда кўп учрайди. Бош айланиши нимадан дарак бериши хусусидаги ССВ Матбуот хизмати саволларига тиббиёт фанлари доктори, профессор Ёқутхон Мажидова жавоб берди.

— Бош айланиши кимларда кўпроқ кузатилади? Одатда бунга нима сабаб бўлади?
— Бош айланиши ҳар қандай ёшдаги кишида кузатилиши мумкин, аммо кексаларда тез-тез учрайди — 70 ёшдан ошган одамларнинг 20 фоизигача бўлган қисми бу муаммога дуч келишади. Катта ёшлилар ўртасида аёллар эркакларга нисбатан кўпроқ азият чекишади.

Агарда алкоголдан заҳарланиш, дори воситаларининг ножўя таъсири, сувсизланиш, қизиб кетиш ёки иссиқ уриши, автомобиль, поезд ёки кемада сайр қилиш, камқонлик, қонда қанд миқдорининг пасайиб кетиши, қон босимининг тушиб кетиши, бирданига кўп жисмоний машқлар бажариш, қулоқ инфекцион касалликлари туфайли бош айланиши қисқа давом этса, одатда, бу инсон учун зарарсиз бўлади.

— Бу ҳолат қайси касалликлар аломати ҳисобланади?
— Бош айланиши жиддий касалликларнинг аломатлари ҳам бўлиши мумкин — аритмия ва инсультдан тортиб, саратонгача бўлган хасталикларнинг аломати ҳисобланади. Шу боис бош айланишининг турларини ажратиш жуда муҳим.

Дейлик, бошнинг тез-тез ва узоқроқ айланиши қулоқнинг жиддийроқ касалликлари(вестибуляр нервнинг вирусли инфекциялари, лабиринтит)да учрайди. Бундай бош айланишига беэътибор бўлмаслик керак. Чунки бу ҳолатда касаллик белгиларсиз бошланиб, инфекциянинг мияга ўтиб кетиш хавфи юқори бўлади.

— Бош айланишининг яна қандай кўринишлари бор?
— Бирданига ҳолсизлик, кўриш ёки эшитиш, нутқнинг бузилиши билан кечадиган бош айланиши ҳам бор. Бундай ҳолат инсультни билдиради. Агар беморнинг нутқи ўзгариб, юз симметрияси бузилса, дарҳол шифокорга мурожаат қилиш керак. Чунки инсульт касаллигида бутунлай тузалиб кетиш тахминан 16 фоизга тенг, қолган 84 фоиз ҳолатда беморнинг ўлими ёки ногиронлик билан тугалланади.

Ўтирган жойдан турилганда қисқа вақтли ортостатик бош айланиши кўп учрайдиган ҳолат. Кўпинча у организмда суюқлик етишмаслиги билан боғлиқ бўлади. Шу сабабли куннинг иссиқ вақтларида кўпроқ суюқлик ичиш керак. Агар сизда сувсизланиш йўқ бўлиб, ортостатик бош айланиши бўлса, сизда юрак ритмининг бузилиши ёки юрак етишмовчилиги бўлиши мумкин.

Бош айланиши билан бирга кучли бош оғриқлари, юришнинг қийинлашиши ва йиқилиш, кўнгил айниши ва қусиш, ҳушдан кетиш, нафас олишнинг қийинлашиши, бўйин мускулларининг тортишиши ва талвасалар кузатилса, албатта, шифокорга мурожаат қилиш керак.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Жамият » Бош айланиши нимадан дарак беради?