00:20 / 04.02.2021
555

Ўзбекистон ва АҚШ ҳарбий шифокорлари COVID-19га қарши курашиш бўйича тажриба алмашди

Ўзбекистон ва АҚШ ҳарбий шифокорлари COVID-19га қарши курашиш бўйича тажриба алмашди
Миссисипи штати Миллий гвардияси вакиллари ва Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг Тиббиёт дирекцияси, Марказий ҳарбий клиник госпитали раҳбарияти ўртасида онлайн-конференция бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда мамлакатимизнинг АҚШдаги элчихонаси. Тадбирда томонлар COVID-19га қарши курашиш бўйича кўрилган чора-тадбирлар бўйича тажриба алмашди.

Элчи Жавлон Ваҳобов тадбир иштирокчиларига мамлакатимиз аҳолиси орасида коронавирус билан касалланганлар сонининг сезиларли даражада камайгани ҳақида маълумот берди. Республикада иқтисодиётнинг аксарият тармоқлари фаолияти тиклангани, илгари жорий қилинган чекловлар бекор қилингани қайд этилди. Бироқ тиббий ниқобда юриш ва ижтимоий масофани сақлаш мажбурияти сақлаб қолингани таъкидланди. МДҲ, Жанубий Осиё, Европа ва Яқин Шарқ давлатларининг баъзилари билан халқаро рейслар тиклангани маълум қилинди.

Марказий ҳарбий клиник госпиталь вакиллари Мудофаа вазирлиги мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда COVID-19га қарши курашиш бўйича 815 ўринли тиббиёт маркази ташкил этганини таъкидлади. Бу ерда пандемия бошланганидан бери 18 мингдан зиёд бемор даволанган. Эътиборлиси, марказдаги беморларнинг атиги 10-15 фоизи интенсив терапияга зарурат сезди.

Миссисипи штати Миллий гвардияси қўмондони генерал Женсон Бойлзнинг айтишича, минтақада анжуман ўтказилган кунгача 268 минг 672 киши янги вирусли инфекцияни юқтирган. Улардан 5 минг 917 нафари коронавирус билан боғлиқ асоратлар туфайли вафот этган. Ҳудудда ҳар куни ўртача 2 минг 100 киши ушбу яхши ўрганилмаган вирусга чалинмоқда, ўлим ҳолати 35-45 кишини ташкил қилмоқда. Таъкидланишича, штатда ҳанузгача аҳоли учун карантин чекловлари мавжуд, оммавий тадбирлар бекор қилинган, таълим муассасалари ёпилган.

Америкалик генералнинг сўзларига кўра, Миллий гвардия штатда 250 дан ортиқ ҳарбий хизматчи ишлайдиган 15 та йирик тиббий марказ ташкил қилган. Ўтган йилнинг декабрь ойи охирида штатда аҳолини, биринчи навбатда 65 ёшдан ошган қариялар, тиббиёт ходимлари ва ижтимоий соҳада ишлайдиган мутахассисларни вирусга қарши эмлаш бошланди. Ҳар куни 17-18 минг киши коронавирусга қарши янги вакцина олмоқда. Бироқ штат аҳолисининг 30-35 фоизи янги дори-дармонга ишончсизлик туфайли COVID-19 вакцинасини қабул қилишдан бош тортмоқда.

Миссисипи Миллий гвардияси тиббиёт мутахассислари, шунингдек, коронавирус билан касалланган беморларнинг аксарияти уйда даволанаётганини таъкидлади. Шу билан бирга, касалликнинг дастлабки беш куни давомида Марказ ходимлари беморларнинг аҳволини масофадан назорат қилмоқда. COVID-19 билан оғриган беморларга, одатда, ибупрофен асосидаги вирусга қарши препаратлар буюрилмоқда. Миссисипидаги тиббиёт муассасалари коронавирусга қарши уч турдаги тестларни ўтказиш имкониятига эга: кўчма лабораториялардаги экспресс-таҳлил (аниқлик даражаси - 60-70 фоиз), стационар тиббиёт масканларидаги таҳлил (95 фоиз аниқлик), ПЗР-тест (100 фоиз аниқлик).

Музокаралар натижасида Миссисипи Миллий гвардияси томонидан Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги учун экспресс-тестлар тақдим этишда амалий ёрдам бериш имкониятларини кўриб чиқиш тўғрисида келишувга эришилди. Бундан ташқари, пандемия шароитига қарамасдан, генерал Женсон Бойлз ичида Миссисипида мамлакатимиз Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиларини яқин кунларда қабул қилишга тайёрлигини яна бир бор тасдиқлади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Миссисипи штати ўртасидаги ҳамкорликнинг пойдевори 2012 йилда қўйилган эди. Ўша йил Пентагон ушбу штат Миллий гвардиясини республикамиз Мудофаа вазирлигининг ҳамкори этиб белгилаган эди. Ҳозирги кунда Ўзбекистон ва Миссисипи штати ўртасида кўп қиррали ва изчил ҳамкорлик амалга оширилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил сентябрь ойида Миллий гвардия қўмондони Женсон Бойлз ва конгрессмен Трент Келли бошчилигидаги делегация билан бўлиб ўтган учрашуви авваллари асосан ҳарбий алоқалар билан чекланган муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқди.

2019 йил февраль ойида Ўзбекистон ҳукумат делегацияси Миссисипи штатида бўлди. Мазкур ташриф давомида Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва штат Қишлоқ хўжалиги ва савдо департаменти, Миссисипи штати ривожланиш администрацияси ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, шунингдек, Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Штат инновацион ассоциацияси («Innovate Mississippi») ўртасида ҳамкорлик шартномалари имзоланди.

2019 йил май ойида Ўзбекистон-Америка муносабатлари тарихида биринчи марта штат губернатори Филипп Брайант Ўзбекистонга расмий ташриф билан келди. Қишлоқ хўжалиги, таълим, инвестиция ва маданиятлараро алмашинув соҳаларида муҳим келишувларга эришилди. Клинтон ва Зарафшон шаҳарлари ўртасида биродарлашган шаҳарлар муносабатлари ўрнатилди. Миссисипи давлат университети ва Алкорн университети ҳамда Тошкент давлат аграр университети ва Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ўртасида академик ҳамкорлик ўрнатилди.

2019 йилда Клинтон шаҳри мери Фил Фишер ва Зарафшон шаҳри ҳокими Анвар Ражабов ушбу шаҳарлар ўртасидаги биродарлик муносабатларини ривожлантириш доирасида ўзаро ташрифлар алмашди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)