14:49 / 02.03.2021
841

Об-ҳаво қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархига қандай ва қанчалик таъсир кўрсатади?

Об-ҳаво қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархига қандай ва қанчалик таъсир кўрсатади?
Ўзгарувчан иқлим шароитининг ҳосилдорликка таъсири бўйича кўплаб илмий тадқиқотлар бор. Хусусан, «Хитойда иқлим ўзгариши, таваккалчилик ва дон ҳосилдорлиги» тадқиқотида минтақадаги об-ҳавонинг ўзгариши Хитойда дон етиштиришга таъсирининг таҳлили келтирилганда, ўртача йиллик ҳароратнинг 1 даражага кўтарилиши ғалла ҳосилини 1,45 фоизга камайтириши мумкинлиги, ёғингарчилик миқдори тахминан 100 мм.га кўпайиши мамлакат ғалла ҳосилини 1,31 фоизга ошириши мумкинлиги қайд этилган.

Ёки Россиянинг қуруқ дашт зоналарида ўртача йиллик ёғингарчиликнинг 1 мм.га кўпайиши (бошқа ҳамма нарса тенг) донли экинлар (буғдой, жавдар) ҳосилдорлиги 0,825 фоиздан ошишига олиб келиши исботланган.

Минтақавий экологик марказ томонидан ўтказилган «Марказий Осиёда иқлим ўзгаришига мослашиш фаолиятини таҳлил қилиш» тадқиқотларига кўра, 2030 йилга қадар минтақада ўртача ҳаво ҳарорати ва ёғингарчилик мос равишда 1,2 даража ва 2 фоизга ошиши прогноз қилинган.

Шу билан бирга, Марказий Осиё минтақасида сув захираларининг 90 фоиздан ортиғи суғориладиган деҳқончиликка сарфланиши ва расмий маълумотларга кўра, ноқулай об-ҳаво ва иқлим шароитидан келиб чиқадиган зарарнинг 70 фоизи қишлоқ хўжалигига тўғри келиши тасдиқланган.

Умумий иқтисодиётда ҳар қандай нарх ўзгаришини учта таркибий қисм билан изоҳлаш мумкин:
- нарх ўзгариши узоқ муддатли тенденциялар таъсирида содир бўлади;
- нархлар мавсумга қараб ўзгаради (мавсумий нарх ўзгариши);
- бир марталик воқеалар таъсирида нарх ўзгариши.

Таҳлилларга кўра, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархи тенденция бўйича 80-85 фоизга, мавсумий равишда 10-12 фоизга ва шок воқеалар таъсирида 4-6 фоизга ўзгариши қайд этилган.

Шунингдек, мавсумий об-ҳаво ҳам экинларнинг турига қараб таъсир ўтказади. Қишдаги ёғингарчилик буғдой етиштиришга, баҳордаги ёғингарчилик қовун ёки кўпчилик полиз экинлари ҳосилдорлигига таъсир кўрсатади.

Умумий кузатувларга кўра, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархи ўзгариши 77 фоиз ҳолатда (хусусан, ёғингарчилик миқдори 20 фоиз, нисбий намлик 17 фоиз, шамол тезлиги 16 фоиз, ўртача ҳаво ҳарорати 13 фоиз, сув танқислиги 11 фоиз) об-ҳаво шароитидаги ғайритабиий ўзгаришларга боғлиқ ҳисобланади. 23 фоиз ҳолатда эса об-ҳаво шароитидан ташқари бошқа омиллар билан изоҳланади.

Мевалар нархи ўзгаришига нисбий намлик ва шамол тезлиги катта таъсир кўрсатса, ёғингарчилик миқдори ва ҳаво намлиги сабзавотлар нархларидаги ўзгаришларга сабаб бўлади.

Об-ҳаво шароитининг ун нархига таъсири ҳақидаги маълумотларни ўрганиб чиқиб, қуйидаги хулосаларга келиш мумкин: энг кўп даражада нархларга ўртача ҳаво ҳарорати (24,8 фоиз) ва ёғингарчилик миқдори (23,8 фоиз) таъсир қилади.

Шоли етиштиришда илиқ иқлим шароити, кўп суғориш ва намлик муҳим ҳисобланади. Шундай қилиб, муҳимлик даражасига кўра, нисбий намлик (25,4 фоиз), ҳаво ҳарорати (24 фоиз) ва дарёлардаги сув ресурслари (17,7 фоиз) энг кўп устунлик берадиган омиллар ҳисобланади.

Об-ҳаво шароитининг мол гўшти нархига таъсири тўғридан тўғри ва билвосита ҳисобланади. Таҳлил натижаларига кўра, шамол тезлиги (32,4 фоиз) ва ўртача ҳаво ҳарорати (19,3 фоиз) мол гўшти етиштиришда муҳим ҳисобланади.

Умуман олганда, талаб бошқа маҳсулотларга нисбатан камроқ бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари (лавлаги, ловия, сабзи) нархларининг ўзгариши барқарор ва об-ҳавонинг таъсири кам ҳисобланади, яъни ҳар қандай об-ҳаво шароитидан қатъи назар, ўз нархларини ушлаб туриш хусусияти мавжуд.

Шунга асосланиб, об-ҳаво шароитининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг нархларига таъсирини минималлаштиришга, шу жумладан, уларнинг мавсумий тебранишини юмшатишга ёрдам берадиган иссиқхона иқтисодиётини кенгайтириш ва сақлаш тизимини такомиллаштириш мақсадга мувофиқдир.

Аввалроқ, Фарғона, Бухоро, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларидаги деҳқонлар, фермерлар ва мутахассислар феврал ойидаги қор сабаб бодом, ўрик ва гилос меваларининг ҳосилни йўқотиш хавфи қандайлиги тўғрисида фикрларини билдиришганди.

Шунингдек, Сув хўжалиги вазирлиги расмийлари жорий йилда сув таъминоти меъёридаги кўрсаткичга нисбатан 25 фоизга кам бўлишини таъкидлашган.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Жамият » Об-ҳаво қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархига қандай ва қанчалик таъсир кўрсатади?