07:30 / 24.03.2021
3 164

Урганчда яримяланғоч ҳолда сумалак пиширганларнинг 3 нафари 15 суткага қамалди

Урганчда яримяланғоч ҳолда сумалак пиширганларнинг 3 нафари 15 суткага қамалди
Хоразм вилояти Урганч шаҳар «Саҳара» кафесида бир гуруҳ хотин-қизлар яримяланғоч кийинган ҳолда сумалак пишираётганликлари акс этган видео тарқалганди. Шаҳар ИИО ФМБ ижтимоий тармоқларда ушбу аёл-қизлар тасвирланган видеога оид ҳолатни ўрганишни бошлагани тўғрисида хабар берилганди.

Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси Урганч шаҳридаги «Саҳара» кафеси олдида яримяланғоч кийиниб, сумалак пиширган қизларга 23 март куни суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда «Хоразм 24» информацион дастурида хабар берилди. Маълум қилинишича, судга ариза берган даъвогарлар хоразмлик фаол фуқаролар бўлган.

Суд мажлисида кафе раҳбари бу иш атайин қилинмаганини, видео ижтимоий тармоқларда акс-садо бериш даражасига етишини xаёлига ҳам келтирмаганини таъкидлади.

Дастлаб маъмурий ҳуқуқбузар сифатида жалб этилган хотин-қизлар ва гувоҳларнинг фикрлари эшитилди. Улар ўзининг қонунга хилоф хатти-ҳаракатларини тушуниб етганини ва айбидан пушаймонлигини билдирди. Шундан сўнг суд уларга нисбатан қарорни эълон қилди.

Жиноят ишлар бўйича Урганч шаҳар суди қарори билан Ж.Д., Қ.З., Р.Д. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) билан ҳуқуқбузарлик содир этган деб топилиб, 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Шунингдек, қолган уч нафар айбланувчи – О.М., Б.Х. ва Т.Д.га Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топилиб, уларга нисбатан БҲМнинг 5 баробари (1 225 000 сўм) миқдорида жарима тайинланди.

Суд томонидан юқоридаги 3 нафар айбланувчининг оилавий аҳволи, вояга етмаган фарзанди борлиги инобатга олиниб, маъмурий қамоқ билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланди.

«Ёшим 22 да, 3 яшар ўғлим бор. Ота-онам қарамоғида яшайман. Тунги клубда раққоса бўлиб ишлайман. Оналигимни инобатга олган ҳолда менга енгиллаштирилган жазо берилди. Қилган ишимиздан пушаймонмиз, Хоразм халқидан кечирим сўраймиз», – дейди айбланувчилардан бири.

Суддан сўнг воқеа содир бўлган кафе жойлашган маҳаллада жамоатчилик вакиллари билан муҳокама ўтказилган.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Урганчда яримяланғоч ҳолда сумалак пиширганларнинг 3 нафари 15 суткага қамалди