15:31 / 28.04.2021
2 263

ДХХ ер сотиш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатларига чек қўйди

 
Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманида истиқомат қилувчи ака-ука ўзганинг пул маблағини фирибгарлик йўли билан ўзлаштирмоқчи бўлишади.

Бунинг учун улар отасининг яшаш хонадони ёнидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган 28 сотих ерни уларга вақтинча фойдаланишга қолдирилганлигидан фойдаланиб, ушбу ер майдонини ҳамда унинг ёнидаги туман ҳокимлиги ихтиёрида бўлган 14 сотих ерни, жами 42 сотих ер майдонини 35 минг АҚШ долларига сотмоқчи бўлишади.

Улар сўралган пулдан аванс сифатида 10 минг АҚШ доллари олган вақтларида ДХХ ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.
 
Навоий вилоятининг Навбаҳор туманида яшовчи фуқаро ўзи вақтинчалик фойдаланиб келган маҳаллий тадбиркор номидаги 1,75 гектар балиқчилик хўжалигига мўлжалланган ер майдонини унинг эгасини хабардор қилмасдан, бошқа бир фуқарога 47 млн. сўмга сотишни режалаштиради.

ДХХ Навоий вилояти бошқармаси ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фирибгар шахс сўралган пулдан 35 млн. сўмни олган вақтида ушланди.
 
ДХХ Андижон вилояти бошқармаси ҳамда Департаментнинг ҳудудий бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда эса Андижон шаҳрида яшовчи фуқаро бошқа бир фуқаронинг ишончига кириб, унга Андижон тумани хокимлигидаги мансабдор танишлари орқали чорвачилик билан шуғулланиши учун адирлик ерлардан ажратиб берилишини айтиб, эвазига 15 млн. сўм олган вақтида ушланди.

Дастлабки суриштирув ҳаракатлари давомида у мазкур пул маблағини Андижон тумани хокимлигида ишловчи танишига бериши кераклиги маълум бўлди ва тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу шахс ҳам 15 млн. сўмни олган вақтида ушланди.

Таъкидлаш лозимки, хокимлик вакили бўлган мазкур шахс муқаддам фирибгарлик билан боғлиқ жиноят содир этганлиги учун жорий йилнинг январь ойида жиноят ишлари бўйича Булоқбоши туман суди томонидан унга нисбатан ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда, 1 йил 6 ой муддатга аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.
 
ДХХ Қашқадарё вилояти бошқармаси ва Департаментнинг ҳудудий бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Қарши туманида яшовчи фуқаро деҳқон хўжалиги ташкил этиш учун 2008 йил туман ҳокими қарори билан унинг онаси номига ажратиб берилган 33 сотих ер майдонини тасарруф этиш ҳуқуқига эга бўлмасада 40 млн. сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
 
Қашқадарёда кузатилган яна бир ҳолатда эса Нишон тумани “Ер ресурслари ва давлат кадастри” мутахассиси тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқарога балиқчилик хўжалиги ташкил қилиши учун 8 гектар ер ажратилишида ва бу борада туман хокимининг тегишли қарори чиқарилишида ёрдам беришини айтиб, хизмати эвазига ундан 1000 АҚШ доллари талаб қилади.

Ўтказилган тезкор тадбир жараёнида кадастр ходими 900 АҚШ доллари олган вақтида ушланди. Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
 
ДХХ матбуот хизмати

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » ДХХ ер сотиш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатларига чек қўйди