11:13 / 08.07.2021
2 307

Бухорода вояга етмаган икки қиз ўзганинг хонадонидан кондиционер ўғирлади


Бухоро вилояти Бухоро туманида 15 ва 13 ёшли қизлар ўзганинг хонадонидан кондиционер ўғирлаб кетди, дея хабар қилмоқда вилоят ИИБ.

Бухоро тумани ички ишлар бўлими томонидан берилган маълумотга кўра, 2021 йил 28 июнь куни соат 08:00 дан 1 июль куни соат 19:00 га қадар бўлган вақт оралиғида номаълум шахс ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида, Бухоро тумани «Боғидашт» маҳалласи Удурғи кўчасида жойлашган 1989 йилда туғилган Т.Н.га тегишли бўлган ҳовлига ғайриқонуний равишда кирган.

Ҳовли ичидан бир дона баҳоси 2 000 000 сўмлик LG русумли кондиционер ҳамда бир дона баҳоси 1 500 000 сўмлик Samsung русумли кондиционер двигателини ўғирлаб, жабрланувчига жами 3 500 000 сўм миқдорида моддий зарар етказиб, воқеа жойидан яширинган.

Мазкур ҳолат юзасидан туман ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан номаълум шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми «г» (уй-жойга ғайриқонуний равишда кириб, содир этилган ўғрилик) банди билан жиноят иши қўзғатилиб, кечиктириб бўлмас тезкор суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари олиб борилган.

Жиноят иши бўйича олиб борилган суриштирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни Бухоро шаҳар Темир йўлчилар кўчасида яшовчи, 2006 йилда туғилган Т.М. ва шу манзилда яшовчи 2004 йилда туғилган Қ.З. исмли вояга етмаган қизлар олдиндан жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб содир қилганликлари аниқланган ва гумон қилинувчилардан ашёвий далиллар тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.

Ҳозирда ушбу икки нафар вояга етмаган қизнинг ҳудудларда содир этилиб, фош этилмасдан қолаётган шу каби бошқа жиноятларга алоқадорликларини аниқлаш юзасидан қўшимча суриштирув ҳамда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Бухорода вояга етмаган икки қиз ўзганинг хонадонидан кондиционер ўғирлади