16:26 / 18.07.2021
2 631

Ютқизилган йиллар ва миллиардлар. SUBYEKTIV'да тотализаторчилар ҳикояси


Онлайн қимор Ўзбекистонда ҳам катта тезликда оммалашяпти. Биз актуал мавзу жиддиятини очиб бериш учун энг ашаддий “тоталчилар” билан суҳбатлашдик. Эътиборимизни тортган биринчи жиҳат шундаки, уларнинг барчаси спорт ўйинларига пул тикишни 16–18 ёшларидан бошлаган. Шундан кейин бошдан кечирганлари – SUBYEKTIV'нинг навбатдаги сонида.

Беттинг, яъни спорт ўйинларига пул тикиш – бу шунчаки ёмон одат эмас – бу ҳақиқий руҳий бузилиш. Унга бир марта кириб қолган одам чиқиб кетиши жуда қийин бўлади. Гиёҳвандларни дозага қандай “тортса”, қиморбозларни ҳам пул тикишга худди шундай “тортади” ва бу шунчаки метафора эмас.

Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти бу касалликни “қимор ўйинларига бўлган патологик қарамлик” деб номлаган, яъни мания даражасидаги беттинг – алкоголизм ва наркомания билан бир қаторда турувчи касаллик.

SUBYEKTIV'нинг навбатдаги сони ана шу дардга чалинган инсонлар ҳақида сўзлайди.
Одамзот гаров ўйнаш ва ўзининг ҳақлигини исботлашни ҳар доим яхши кўрган, яъни азарт ҳаммада бор. Лекин интернетнинг пайдо бўлиши ва ривожланиши инсонлардаги ана шу азарт юзага чиқиши учун ҳамма йўлларни очиб юборди. Интернет даврида энди спорт ўйинларига пул тикиш мутлақо янги босқичга чиқди.

Қиморни одамлар ҳамма замонда ўйнашган, лекин у ҳеч қачон ҳозиргидай очиқ ва мисли кўрилмаган миқёсда бўлмаган. Бугун миллионлаб инсонлар – тотализатор қурбони, чунки унда кимдир пул ютиши учун кимдир албатта ютқизиши керак: икки тарафга ҳам фойда келтирувчи соғлом спортдагидек “win-win” бу ерда кетмайди.

Онлайн қиморга муккасидан кетганлар Ўзбекистонда ҳам кун сайин кўпайиб боряпти. Биз уч нафар ашаддий “тоталчи” билан суҳбатлашдик. Улардан икки нафари шахси аноним қолиш шарти билан интервьюга рози бўлди.

Шуниси эътиборлики, учала суҳбатдошимиз ҳам тотализатор ўйнашни 16–18 ёшларидан бошлаган. Улардан бири 12 йил давомида онлайн қимор ўйнаб, шу вақт мобайнида жами 300 минг долларга яқин пулни ютқазиб қўйганини сўзлаб берди.

Ўзбекистонда тотализатор қонунийлашиши мумкин. Лекин бундан наф йўқ, зарар эса кафолатланган
Кўпчиликда савол туғилиши мумкин: букмекерлик фаолиятига Ўзбекистонда рухсат берилганми ёки йўқ?
Футболни ривожлантиришга оид, 2019 йилда қабул қилинган президент фармонида 2021 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон ҳудудида букмекерлик фаолиятига рухсат берилиши белгиланган, лекин бу фаолият турини тартибга солувчи ҳукумат қарори ҳали чиққанича йўқ. Демакки, ҳозирги кунда бу фаолият тури Ўзбекистонда ноқонуний ҳисобланади.

Буни қонунийлаштириш орқали давлат четга чиқиб кетаётган миллионлаб долларларни сақлаб қолиб, бу пулларни мамлакатда спортни ривожлантиришга йўналтирмоқчи экани айтилади, лекин бу қанчалик тўғри қарор? Қиморни қонунийлаштириш янада кўпроқ одамни ўзига жалб қилиб қўймайдими? Бу янада кўпроқ оилаларнинг барбод бўлишига сабаб бўлиб қолмайдими?

Тотализаторни қонунийлаштиришни ёқловчилар фактлардан кўз юммасликлари керак: бошқа давлатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, бу фаолият турини қонунийлаштирган билан барибир аксар ўйинчилар ноқонуний секторда ўйнашади. Мисол учун, Россия букмекерлик бозорининг умумий йиллик ҳажми 9,3 млрд доллар бўлса, шунинг бор-йўғи 2,8 млрд доллари легал секторга тўғри келар экан, қолгани – нолегал сектор.

Кўрсатувни юқоридаги видео ёки SUBYEKTIV'нинг YouTube'даги саҳифасида томоша қилинг.
Хулоса ҳар кимнинг ўзидан. Мақсадимиз – тотализаторга тобора шўнғиб бораётганини ўзи ҳам билмаётган, катта ютқизиқларидан (уларнинг жаргонида – “музлаш”дан) кейин ҳам сабоқ чиқармаётган ҳамюртларимизни ва уларнинг яқинларини огоҳликка чорлаш.
Шунингдек, ҳукуматни ҳам бу масалада қарор қабул қилаётганда минглаб оилалар тақдири ва ёшлар келажаги учун масъулиятни ҳис этишга чақирамиз.

Лойиҳа муаллифи –
Жамшидхон Зиёхонов.


arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ютқизилган йиллар ва миллиардлар. SUBYEKTIV'да тотализаторчилар ҳикояси