19:53 / 04.02.2022
921

Сенат: Ғафур Ғулом боғи масаласи кун тартибимизда турибди

Сенат: Ғафур Ғулом боғи масаласи кун тартибимизда турибди
Ғафур Ғулом боғи масаласи сенаторларнинг ярим йиллик иш режасига киритилган. Бу ҳақда 4 февраль куни Олий Мажлис Сенатининг 23-ялпи мажлиси якунлари юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди, дея хабар бермоқда «Дарё».

Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Бахтиёр Сайфуллаев Ғафур Ғулом боғи масаласини ўрганиш Сенатнинг кун тартибида турганини айтиб ўтди.

«Мазкур масала ҳал бўлган куниёқ хабар берамиз. Ҳозир ишларимиз жуда кўп. Ғафур Ғулом боғи масаласи ижобий ҳал бўлади. Мен сенаторлик сўровини юборганман, жавоб олганимдан кейин жойига чиқиб ўрганаман. Қани, ҳокимият қандай жавоб берар экан, амалда қандай бўляпти экан», — дейди у.

Ғафур Ғулом боғи 2019 йил 9 августдаги Вазирлар Маҳкамасининг Ф-670 сон фармойиши ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимининг 15 августдаги 1126-сон фармойиши асосида (иккала ҳужжат матни ҳам очиқ манбаларга жойлаштирилмаган) BMP Smart Decision’га 49 йилга ижарага берилган. Компания инвестицион мажбуриятлари доирасида боғни жаҳон стандартларига жавоб берадиган қилиб қайта таъмирлаши, эскирган аттракционларни янгисига алмаштириши лозим.

2019 йил сентябрь ойида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев пойтахт аҳолиси билан учрашиб, Чилонзор туманидаги Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғида қандай ўзгаришлар бўлиши ҳақида маълумот берган. Ҳоким боғ реконструкцияси вақтида бирорта дарахт кесилмаслигини айтган, ушбу учрашувда инвестор вакили сифатида Шерзод Ҳалимовнинг ўзи ҳам иштирок этганди.

«Gazeta.uz» нашрининг ёзишича, «Nuz.uz» ушбу учрашув ҳақида хабар қилган (аммо хабар ўчиб кетган, унинг нусхаси «Mytashkent.uz»да сақланиб қолган). Чилонзор тумани ҳокими Сарвар Маҳаметов BMP Smart Decision компаниясининг боғ реконструкциясига 10 миллион доллар инвестиция киритишини айтган. Шерзод Ҳалимов эса модернизация икки босқичда амалга оширилиши, биринчи босқичда ёзги боғ қайта таъмирланиши, иккинчисида эса йил давомида фаолият олиб борувчи ёпиқ ўйин ҳудуди қурилишини маълум қилган.

Олий Мажлис Сенатининг 16 декабрь кунги ялпи мажлисида пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Тошкентдаги Ғафур Ғулом боғини 49 йил муддатга ижарага олган Сингапурнинг BMP Smart Decision компанияси инвестицион мажбуриятларини бажармаганини маълум қилган эди.

17 декабрь куни АОКА мажлислар залида Олий Мажлис Сенатининг 22-ялпи мажлиси якунлари юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида сенатор Толибжон Мадумаров Тошкентдаги Ғафур Ғулом боғи юзасидан шартномалар тузилмаганини маълум қилган эди. Бахтиёр Сайфуллаев эса мазкур масала юзасидан ўрганиш олиб борилишини билдирганди. «Бундан кейин шаҳар ҳокимлигининг объектларни инвесторларга берилиши бўйича ўйлаб иш қилишини назоратимизга оламиз», — деган эди у.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Сенат: Ғафур Ғулом боғи масаласи кун тартибимизда турибди