16:55 / 05.03.2022
1 800

Қашқадарёда мактаб ўқувчиси ҳомиладор экани айтилмоқда

Қашқадарёда мактаб ўқувчиси ҳомиладор экани айтилмоқда
Фото: Видеодан скриншот
Қашқадарё вилоятининг Касби туманида ўқувчи қиз тўрт нафар фуқаро томонидан зўрлангани айтилмоқда. Мазкур хабарга муносабат билдирган Касби тумани ҳокимлиги ахборот хизмати ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

Ўқувчи қизнинг зўрлангани ҳақида хабар берилган видеодан англашилишича, воқеа 2021 йилнинг июнь ойида содир бўлган.

«Далада мол боқиб юргандим. Ёнимга икки нафар бола — Аббос ва Бахтиёр келиб, ‘сен Беҳруз деган бола билан юрар экансан’, дея менга ташланиб кетди. Уларнинг бири қўлимдан ушлаб, иккинчиси зўрлади. Бақирсам, яна бири менинг оғзимни қўли билан ёпиб, иккинчиси ҳам зўрлади. Қочмоқчи бўлдим, аммо кучим етмади», — дейди бу ҳақда гапириб берган ўқувчи қиз.

14 ёшида зўрланганини айтган қизнинг билдиришича, у бу воқеа ҳақида ўз вақтида ҳеч кимга, ҳатто ота-онасига ҳам айтмаган.
«Кимгадир айтсанг, сени ўлдириб юборамиз дейишди», — дейди ўқувчи қиз.

Ўқувчи қизнинг онаси олти нафар фарзанди борлигини, зўрлангани айтилаётган қиз унинг энг кичик фарзанди эканини айтмоқда.

«Қизимнинг ҳомиласи ҳозир саккиз ойлик. Бу ҳақда 2021 йилнинг декабрь ойида хабар топдим. Мактабдан икки нафар ўқитувчи ва ҳамшира келиб, қизимни шифокорга олиб боришимиз кераклигини айтди. Ўшанда қизимнинг ҳомиладорлигини билдик», — дейди қизнинг онаси.

Бу ҳақдаги хабарга муносабат билдирган Касби тумани ҳокимлиги ахборот хизмати туман ИИБ тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 128-моддаси 2-қисми «а» банди (шахснинг ўн олти ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган ҳолда у билан жинсий алоқа қилиш ёки жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш) билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилган. Аммо олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида қизни зўрлашда гумон қилинган тўрт нафар фуқаро айбловни инкор қилгани, тергов ишида далиллар етарли бўлмагани боис тергов ҳужжати вақтинча тўхтатилганини ёзган.

«Бола туғилиб, ДНК текшируви натижаси эълон қилиниши билан тергов ҳаракатлари қайта қўзғатилади», — дейилади ҳокимликнинг туман ИИБга таяниб берган расмий муносабатида.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Қашқадарёда мактаб ўқувчиси ҳомиладор экани айтилмоқда