22:53 / 22.03.2022
1 570

Сардор Умурзоқов АҚШда Жаҳон банки президенти билан учрашди

Сардор Умурзоқов АҚШда Жаҳон банки президенти билан учрашди
Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги
Бош вазир ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов бошчилигидаги Ўзбекистон ҳукумати делегацияси Вашингтонга ташриф буюрди. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Икки кунлик ташриф давомида Жаҳон банки президенти Дэвид Малпасс, банкнинг Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президенти Анна Берде, Халқаро молия корпорацияси (ХМК) Бошқарувчи директори Махтар Диоп, АҚШ савдо вазири Жина Раймондо, шунингдек, унинг биринчи ўринбосари Дон Грэйвс, АҚШ савдо вакили Кетрин Тай, АҚШ Халқаро тараққиёт молия корпорацияси (DFC) бош ижрочи директори Скотт Натан ҳамда АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) маъмури Саманта Пауэр билан учрашувлар бўлиб ўтган.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги
Олиб борилган музокаралар доирасида ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни илгари суришни кучайтириш, саноат, энергетика, инфратузилмавий ривожланиш соҳалари, банк-молия сектори ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш йўналишида янги лойиҳаларни амалга ошириш учун қўшимча инвестициялар ва техник ёрдам жалб қилишни назарда тутган ҳолда, Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорацияси билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўтарилди ва ҳар томонлама кўриб чиқилган.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги
Ўзбекистон—АҚШ товар айланмасини кўпайтириш ва диверсификация қилиш, инвестициялар соҳасида икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш, саноат ва қишлоқ хўжалигининг турли тармоқларида АҚШ илғор технологиялари ва инновацияларини жорий этиш каби масалалар муҳокама қилинган. Шунингдек, Америка компанияларини Ўзбекистонда бизнес юритишга жалб қилиш бўйича биргаликда иш олиб бориш, икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш ҳамда ўзаро бизнес ва савдо миссияларини ташкил этиш бўйича чоралар кўриш, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши жараёни доирасидаги ҳамкорлик механизмлари юзасидан муҳокамалар ўтказилган.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги
Ташриф якунлари бўйича савдо-иқтисодий, инвестициявий, инновациялар ва технологиялар ҳамда молиявий-техник йўналишларида Ўзбекистон—Америка ҳамкорлигини янада чуқурлаштириш борасида қатор келишувларга эришилган.

Аввалроқ Абдулазиз Комилов Вашингтонда АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен билан музокара ўтказганди. Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги ҳамда стратегик шериклик муносабатларининг 20 йиллиги муносабати билан ўзаро табриклар алмашилган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Сардор Умурзоқов АҚШда Жаҳон банки президенти билан учрашди