00:08 / 29.08.2022
1 366

Сами Юсуф: «Самарқандда ўзимни уйдагидек ҳис қиламан»

Сами Юсуф: «Самарқандда ўзимни уйдагидек ҳис қиламан»
«Ипак йўли» халқаро туризм марказининг очилишида сўзга чиққан британиялик таниқли бастакор ва ижрочи Сами Юсуф мусиқа ҳақидаги фикрлари, ижодий йўли ва режалари ҳақида сўзлаб берди.

Унинг сўзларига кўра, Самарқандни болалигидан билган, чунки у Ипак йўлининг қоқ марказида бўлиб, кўплаб халқларнинг анъана ва урф-одатларини ўзида мужассам этган.

«Бу шаҳар менинг мусиқамга жуда мос келади, у ҳам ушбу йўналиш ўтган мамлакатлар маданиятларининг аралашмасидир. Демак, Самарқанд ҳақидаги билимлар менинг ижодимда ўз аксини топди, дейишимиз мумкин», дейди у.

Бироқ, Сами Юсуфга кўра, Самарқандга келганида кўрганлари кутганидан ҳам ортиқ бўлган.

«Унинг шунчалик гўзал эканлигини билмасдим. Ажойиб сифатли фотосуратларни кўриш ўз йўлига, аммо бу ҳақиқатан ҳам шундай эканлиги маълум бўлди. Шунинг учун бу шаҳарни ҳамма кўриши керак. Самарқанднинг гўзаллигини ҳеч нарса билан солиштириб бўлмайди», дейди бастакор.

Сами Юсуф ўз оиласи ҳақида ҳам маълумотлар билан бўлишди.

«Менимча, ҳар қандай мусиқачи ота ўз фарзандларини унинг изидан боришдан қайтаришга ҳаракат қилади, чунки мусиқа, актёрлик ва умуман ижодда кўп пул топа олмаслигимизни ҳаммамиз биламиз. Бу беқарор иш. Шунинг учун Буюк Британияда муҳожир бўлган отам мени муҳандис, ҳуқуқшунос ёки шифокор бўлиш яхшироқ эканлигига ишонтиришга ҳаракат қилди. Унинг учун бу барқарорликни англатарди. Ростини айтсам, мен ҳам шуни хоҳлардим. Ёшлигимдан мусиқа оламида бўлганим учун мен бу соҳани салбий томондан кўриш имконига эга бўлдим.

Натижада мен юристликка ўқишни бошладим ва шу мутахассислик бўйича диплом олишни режалаштирдим. Аммо тақдирнинг мен учун бошқа режалари бор эди. Шу билан бирга, аслида мусиқани ўзимнинг ишим деб ҳисобламайман, бу менинг ҳаётим. Менинг дидимни болалигимдан отам шакллантирган. У менга мақом, дастгоҳ, муғом каби анъанавий мусиқа услубларини ўргатди, шунингдек, мумтоз мусиқа, жумладан, Ғарб мусиқаси билан ҳам таништирди. Шунга қарамай, анъанавий мусиқа менинг севгимга айланди
», дейди ижрочи.

Унинг сўзларига кўра, ўзбек мусиқасига ҳам меҳри катта. Шошмақом ҳам Озарбойжондаги муғом сингари маданий, маънавий, фалсафий мерос бўлиб, у халқнинг ДНКси, инсонларнинг муқаддас хотираси, у ана шу куйлар орқали етказилади.

«Шошмақом бу - оддий товушлар эмас. Улар бизнинг эътиборимизни, билимимизни талаб қилади. Поп мусиқа каби эмас, тинглаш осон, ҳамма учун тушунарли. Мен ҳурматсизлик қилмоқчи эмасман, лекин эстрада мусиқаси фастфуд каби нарсадир. Шошмақомда қандайдир муқаддаслик бор. Бу мусиқанинг илдизлари тарихга бориб тақалади», дейди Сами Юсуф.

Унга кўра, ўзбек ижрочилари билан ҳамкорлик қилиш учун доимо тайёр.

«Юқорида айтганимдек, ўзимни маданиятингизга, халқингизга яқин ҳис қиламан, шунинг учун мен бастакор, мусиқий режиссёр сифатида ўзбек миллий мусиқасини дунёга етказиш учун бутун бир мусиқий лойиҳа қилишга тайёрман. У Буюк Британиядаги Альберт Ҳолл ёки Карнеги Ҳоллда янграшга лойиқдир.

Юртингизда бўлиш ва чиқиш қилиш мен учун катта шарафдир. Мен Самарқандда, «Абадий шаҳар»да концерт беришни жуда хоҳлайман. Менимча, бу ажойиб жой: ажойиб атмосфера, ажойиб фантастик архитектура, яхши акустика. Бир оқшом улкан концерт саҳнасида чиқишдан кўра, бу ерда кетма-кет ўн кеча чиқишни афзал кўраман. Ахир менинг мусиқам анъанавий – бу тингловчи билан самимий мулоқот. Аренада эса мусиқадан, товушдан, санъаткордан йироқсиз. Мен ўз чиқишларимга ўзбек созандаларини жалб қилишни жуда хоҳлардим. Тез орада тингловчиларим билан учрашишга умид қиламан. ИншаАллоҳ
», деди Сами Юсуф.

У ўз миллати ҳақида ҳам гапириб ўтди. «Мен ўз илдизларимни жуда яхши кўраман, мен Озарбойжон мусиқаси ва маданиятини яхши кўраман, шу билан бирга, мен Буюк Британияда катта бўлганим учун бу мамлакатни ҳам яхши кўраман, бу менинг уйим. Бироқ Самарқандга келганимда бу ерда ҳам ўзимни уйдагидек ҳис қилдим. Гўёки бу шаҳар билан тушунарсиз алоқаларим бор – маданий, мусиқий. Ўйлайманки, кимдир маданиятларнинг бундай бой меросини олиб юрса, бу фақат яхши нарсани англатиши мумкин».

Сами Юсуф Ўзбекистонга ташриф буюриш учун сабаблар ҳақида ўз фикрини билдирди.

«Биринчидан, бу - ноёб тажриба. Архитектура билан танишиш - буни бошқа жойда, ҳеч қандай музейда кўрмайсиз. Ўзбекистонга меҳмондўстликни ҳис қилиш, ажойиб инсонлар билан танишиш, ақлбовар қилмайдиган диққатга сазовор жойларни кўриш учун келиш керак. Бу ерга мусиқа, маданият, санъат учун келинг. Ишончим комилки, бу ерда жуда кўп қизиқарли нарсалар содир бўлади. Мен хотиним билан бу ерга сайёҳ сифатида қайтаман», деди у интервью давомида.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Сами Юсуф: «Самарқандда ўзимни уйдагидек ҳис қиламан»