09:52 / 29.09.2022
2 220

Бошқа кино ишламанг!

Бошқа кино ишламанг!
Мен кўп кино кўрмайман. Сериаллар ва “замонавий” фильмларга-ку вақтим ҳам йўқ. Кейинги пайтларда кинолар ҳақида турли фикрлар билдириаётгани демак томошабин бор экан, кино ишланади, таклиф ва талабга қараб маҳсулот чиқарилади, деб хулоса чиқаришга имкон беради.

Шунинг учун кино тўғрисида ҳамма гапирса ҳам жим тураман. Ҳатто савияси пастларини танқид ҳам қила олмайман. Ҳар бир ишнинг ўз синчиси гапиргани маъқул. Бироқ баъзан олдингдан тилни тишлаб тура олмайдиган даражадаги нимарсалар чиқиб қолади.

Яқинда эфирга кетган "Алҳазар. Жин чалган келин" фильми ҳақида эшитиб қолдим. Майли, фильм ишланибди, намойиш этилибди. Фақат... Келинг, гапни бошқа томондан бошлаймиз. Анча йил олдин телевидениеда ишлайдиган танишимга ишим тушиб қўнғироқ қилдим. У ҳозир диний идора масъули олдига кириб кетаётгани, чиққач қўнғироқ қилиши ҳақида айтди. Чиқиб телефон қилди. Олаётган киносида ёшларга никоҳ ўқиладиган жойи бор экан. Шунинг учун маслаҳатга келган экан. Аслида ўзи ҳам яхшигина биладиган мавзуда маслаҳатга боргани яхши бўпти, дедим. Мана шунақа, озгина диний илм керак бўладиган жойда маслаҳатлашилади. Илм кишиларининг фикри олинади.

"Алҳазар. Жин чалган келин" фильмида номидан маълум нима бўлгани. Келинни ўқитгани домла олиб келишади. “Домла” хонадон соҳибасига “Энди бу динимизда бор, Қуръондаям бор. Инсу-жинслар инсонга зарар келтириб туради. Ёшлар чиллали экан. Бу ёғига эҳтиёт бўлиб турасизлар, эртага яна келаман”, дейди. Шу жойида тушунмадим, динимизда чилла деган нарса йўқ-ку. Ёки инсу жинслар фақат бизнинг динимизда борми? Ўзи мантиқ йўқ жойдан мантиқ ахтариш ғалати.

Лекин ҳеч бўлмаса ўзларининг илми етмаган жойида имом-домлалардан маслаҳат сўрашса бўлади-ку. Гримга, оҳанжома уйларнинг ижарасига, инжиқ актёрларга фалон сўмлаб сарфланади. Текин кўрсатма берадиган илм аҳлидан ҳеч нима сўрамайди. Кино-ку намойиш этилибди. Энди уни кўрганлар динимизда инсу жинслар одамларга зарар келтириб тураркан, деб тушунадими? Ёки чилла сақлашадими? “Домла” очиғи кинога шу қадар ёпишмаганки, масжид имомидан кўра институт профессорига ўхшайди.

Хуллас, бу масалаларда ҳамиша маслаҳатлашиб иш қилиш керак. Фатво жуда нозик масала. Ўтган йили Ўзбек Миллий академик драма театри саҳнасида “Танҳо юлдузим” спектакли намойиш этилди. Спектакль савияси, мавзуси ҳақида театршунослардан ўтказиб бир нима дея олмайман. Бироқ икки бевани никоҳлаш учун чақирилган имомнинг хурмача қилиқлари на спектаклга бирор нима берган, на томошабинга. Ёлғиз яшаган одамда ҳар хил касалликлар, простата келиб чиқади, деб қўшни аёлга суйилиб гапиради. Шуми саҳнада илм аҳлига муносабат уйғотиш?

Хуллас, сценарий, киноасар ёки пьеса ёзадиган одам диний саводи бўлса-бўлмаса турли гапларни гапиравермасин. Яхшиси, кино ишламасин.

Манзура Шамс

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Бошқа кино ишламанг!