16:28 / 20.12.2024
13

Жакартада "Имом Бухорий: Ўзбекистон ислом санъати" кўргазмаси очилди

Жакартада "Имом Бухорий: Ўзбекистон ислом санъати" кўргазмаси очилди
Фото: Дунё
Индонезия пойтахтидаги "Истиқлол" масжидида "Имом Бухорий: Ўзбекистон ислом санъати" номли кўргазма очилди.

Кўргазма Ўзбекистоннинг бой маданий меросини акс эттирувчи, Имом Бухорий ҳаёти ва ижодига бағишланган ноёб ҳамда замонавий технологиялар кўмагида яратилган санъат асарлари тўпламидан иборат. Экспонатлар орасида Ўзбекистон ҳунармандлари томонидан яратилган хаттотлик асарлари, кулолчилик буюмлари, каштадўзлик ва заргарлик санъати намуналари, миллий либослар ва миниатюралар ўрин олган.

Кўргазманинг тантанали очилиш маросимида Индонезия маданият вазири Фадли Зон, дин ишлари вазири – "Истиқлол" масжиди бош имоми Насаруддин Умар, Ташқи ишлар вазирлиги маданий-гуманитар алоқалар департаменти бошлиғи Юлиана Баҳор, шунингдек, мамлакат Уламолар кенгаши раҳбарияти, сиёсий доира вакиллари, жамоат ташкилотлари намоёндалари ва ва бошқалар иштирок этди.

Индонезия дин ишлари вазири – "Истиқлол" масжиди бош имоми Насаруддин Умар ўз нутқида, Ўзбекистон ҳақли равишда ислом цивилизацияси маркази сифатида эътироф этилишини таъкидлади. "Арабистон ярим оролида дунёга келган муқаддас динимиз айнан Ўзбекистон ҳудудида яшаб ижод қилган уламо ва донишмандларнинг саъй-ҳаракатлари билан ривож топиб, юксак чўққиларга кўтарилди. Ўзбекистон ўзининг бой тарихи ва бетакрор маданияти билан халқларни бирлаштириш, дунё мамлакатлари ўртасида дўстлик кўпригини яратиш салоҳиятига эга бўлган мамлакатдир. Шубҳасиз, "Имом Бухорий" креатив гуруҳи томонидан ташкил этилган бугунги кўргазма Индонезияда йилнинг энг муҳим ва ёрқин маданий воқеаси бўлиб қолади ҳамда икки томонлама муносабатларимиз тарихидан муносиб ўрин эгаллайди. Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон ҳукуматига ушбу лойиҳани қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдираман", деди у.

Индонезия маданият вазири Фадли Зон ўз чиқишида, Имом Бухорий ислом оламининг буюк шахсларидан бири эканини қайд этди. "Донишманд Ўзбекистон ҳудудида таваллуд топган. Ул зотнинг қадимий Самарқанд ёнида жойлашган мақбараси бугунги кунда дунё мусулмонларининг муқаддас зиёратгоҳи ҳисобланади. Ушбу зиёрат амалини бажариш ҳар бир индонезияликнинг орзуси. Ишончим комилки, бугун очилаётган Ўзбекистон ислом санъати кўргазмаси халқимизда катта қизиқиш уйғотиб, мамлакатларимиз ўртасидаги халқ дипломатиясини янада кенгайтириш учун туртки бўлади ва маданий-гуманитар алоқаларимизни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади", деди маданият вазири.

"Имом Бухорий: Ўзбекистон ислом санъати" кўргазмаси 2025 йил феврал ойига қадар давом этади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Жакартада "Имом Бухорий: Ўзбекистон ислом санъати" кўргазмаси очилди