date

Инсон моҳиятини очиб берувчи 3 мультфильм

Инсон моҳиятини очиб берувчи 3 мультфильм
Анимацион фильмлар кўп ҳолларда болалар учун мўлжалланган, енгил, кўнгилочар асарлар сифатида қабул қилинади. Бироқ баъзи мультфильмлар борки, улар нафақат болалар, балки катталар учун ҳам муҳим ҳаётий ва фалсафий саволларга жавоб излайди. Бундай фильмлар инсон ҳиссиёти, руҳияти, ҳаётнинг моҳияти ва мақсади ҳақида чуқур мулоҳазалар уйғотади. Ушбу мақолада шундай учта анимацион шедевр ҳақида сўз юритамиз, деб zamin.uz хабар берди.

. Биринчи фильм — бу Pixar студиясининг энг машҳур ва эътироф этилган асарларидан бири — “Руҳ” (Soul). Мазкур фильм ҳаётнинг мазмуни, инсон тақдири ва бахтнинг асли нима экани ҳақида фикр юритади. Асарнинг бош қаҳрамони — мактабда мусиқа ўқитувчиси бўлиб ишловчи Жо Гарднер. У бутун умрини джаз ижро қилиш орзуси билан ўтказади ва ниҳоят, саҳнага чиқиш арафасида ногаҳон вафот этади.

. Унинг руҳи “янги руҳлар олами”га тушиб қолади. Бу ерда янги туғиладиган руҳлар ҳаётга тайёрланади. Жо ўзига тақдим этилган тақдирни қабул қилишни истамай, Ерга қайтиш ва орзусини рўёбга чиқариш учун ҳаракат қилади. У шу ерда 22-рақамли руҳ билан танишади — у ҳаётга келишни хоҳламайдиган ва яшашга мазмун кўрмайдиган руҳ. Улар биргаликда ҳаётдаги мақсад, бахт ва мавжудлик моҳияти ҳақидаги саволларга жавоб излайди.

. “Руҳ” фильми орқали инсоннинг бор ҳаётини фақат катта мақсадларга бағишлаш эмас, балки кундалик майда-чуйда, содда ва беғубор лаҳзаларни қадрлаш зарурлигини англатади. Яшаш бу фақат орзу қилиш эмас, балки ҳозирги лаҳзани ҳис қилишдир.

. Иккинчи анимацион асар — “Бошқотирма” (Inside Out). Бу фильм ҳам Pixar’нинг ноёб ишларидан бири бўлиб, 11 ёшли қизалоқ Рейлининг онгида бўлиб ўтадиган ҳис-туйғулар мувозанати ҳақида ҳикоя қилади.

. Бешта асосий ҳис: Қувонч, Ғам, Қўрқув, Ғазаб ва Нафрат Рейлининг ақлини идора қилади. Оиласи бошқа шаҳарга кўчгач, Рейлидаги ҳис-туйғулар ўзаро тўқнашади ва унинг ички дунёси издан чиқади.

. Фильмнинг асосий ғояси шундаки, инсонни мукаммал ва тўлиқ ҳис этиш учун фақат қувонч эмас, балки ғам, ғазаб ва бошқа “манфий” ҳис-туйғулар ҳам муҳимдир. Улар биргаликда ҳиссий тўкислик яратади.

. “Бошқотирма” инсон заифлиги, ҳиссий ривожланиш ва эмпатия ҳақидаги чуқур фикрларни илгари суради. У бизга ҳеч қачон доимий равишда бахтли бўлиб яшашнинг иложи йўқлигини, қайғу ҳам ҳаётнинг ажралмас қисми эканини англатади.

. Учинчи фильм — “Валл-И” (WALL·E) — келажак ҳақидаги экологик ва руҳий драмадир. Ерда одамлар қолдирган чиқиндилар оқибатида ҳаёт тугаган, фақат кичик робот — Валл-И қолган. У ерни тозалаш билан машғул ва инсонларга хос туйғуларга эга.

. Валл-И EVA номли замонавий робот келгандан сўнг ўз ҳиссиётларини кашф этади. Уларнинг орасидаги муносабат, сўзсиз мулоқот ва ҳимоячанлик орқали фильм инсоннинг нима эканини намоён этади.

. Фильмдаги асосий муаммо — экологик ҳалокат. Инсонлар фақат истеъмол ва технологияларга муҳтож ҳолга келиб, ҳаракатсиз, мустақил фикрлай олмайдиган махлуқларга айланишган. Фильм инсоннинг табиатга, меҳнатга ва ўзаро алоқаларга бўлган эҳтиёжини ёрқин тасвирлайди.

. “Валл-И” бизнинг замонавий ҳаётимизга танқидий ёндашади ва инсоннинг келажакда ҳам жавобгар эканини уқтиради. Бироқ у умидни ҳам унутмайди — кичкина роботнинг меҳри ва фидоийлиги орқали жаҳон ўзгариши мумкинлигини кўрсатади.

. Бу уч фильм нафақат болалар учун қизиқарли томоша, балки катталар учун фалсафий мулоҳаза, ҳаёт ҳақида фикрлаш, инсонийликни қадрлаш ва туйғуларимизга бошқача қарашни ўргатувчи бебаҳо анимацион асарлардир.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Инсон моҳиятини очиб берувчи 3 мультфильм