
Жаҳон киносида янги сенсация – Жеймс Кэмероннинг машҳур “Аватар” франшизасининг учинчи қисми трейлери намойиш қилинди. Янги фильм “Аватар: Олов ва кул” (“Avatar: The Seed Bearer” сифатида ҳам танилган) деб номланган ва “Сув йўли” фильмида бошланган Салли оиласи тарихи давом этади, деб маълум қилди Peopletalk.
Кадрлардан маълум бўлишича, ушбу қисмда томошабинларни аввалгидан ҳам жиддийроқ драма кутади. Асосий низо – На’ви қавмининг янги таниқсиз бир қисми, Эш клан билан боғлиқ. Уларнинг раҳбари – қотиб қолган ғояларга эга ва муросага келмайдиган Варанг образини машҳур актриса Уна Чаплин ижро этади. Режиссёрлар таъкидлашича, айнан шу образ фильмдаги бош қаҳрамонлар учун катта таҳдидга айланади.
Фақат ташқи душманлар эмас – Салли оиласининг ичида ҳам қарама-қаршиликлар тобора кучайиб бормоқда. Уруш ва янги хавф-хатарлар фонида улар нафақат омон қолиш, балки оилавий алоқаларни сақлаб қолиш учун ҳам курашишига тўғри келади. Трейлердан кўриниб турибдики, Кэмерон бу сафар нафақат визуал гўзаллик, балки ҳиссий чуқурликка ҳам катта эътибор қаратган.
Фильмда илгари ҳам иштирок этган юлдузлар – Сэм Уортингтон, Зои Салдана, Сигурни Уивер, Кейт Уинслет, Дэвид Тьюлис, Жемейн Клемент, Клифф Кертис ва Стивен Лэнг яна экранга чиқишади. Эътиборли жиҳати – Кэмерон Пандора оламини нафақат сақлаб қолмоқда, балки янги қаҳрамонлар ва локациялар орқали уни янада кенгайтирмоқда.
Мухлислар трейлерни илк дақиқалардаёқ бир неча марта кўриб, уни секин суръатда таҳлил қилишга киришишди. Ижтимоий тармоқлардаги фаол муҳокамалар шуни кўрсатмоқдаки, янги қисм ҳам илгари бўлганидек катта шов-шувларга сабаб бўлади. Жеймс Кэмерон эса фильм барча рекордларни янгилашини ваъда қилмоқда.