Нью-Йорк шаҳридаги БМТ Бош қароргоҳида Ўзбекистон тараққиётига бағишланган муҳим тадбир — “Янги Ўзбекистон: Шавкат Мирзиёев йўли” асари тақдимоти ўтказилди. Бу тантанали маросим халқаро ҳамжамият диққат марказида бўлиб, унда 100 га яқин нуфузли меҳмон — БМТ раҳбарияти, турли давлатлар дипломатлари, халқаро ташкилотлар ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Тадбир давомида иштирокчилар китоб орқали сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, уларнинг мазмун-моҳияти ва натижалари билан танишиш имконига эга бўлдилар. Асарда сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳалардаги ўзгаришлар, демократик жараёнларни чуқурлаштириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, иқтисодиётни эркинлаштириш ҳамда жаҳон ҳамжамияти билан ҳамкорликни ривожлантириш каби масалалар атрофлича ёритилгани қайд этилди.
Сўзга чиққан маърузачиларнинг таъкидлашича, “Янги Ўзбекистон” ғояси нафақат мамлакат ички ҳаётида, балки минтақавий ва халқаро майдонда ҳам катта аҳамият касб этмоқда. Бу йўлдаги саъй-ҳаракатлар давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олган. Айниқса, халқ билан очиқ мулоқот, давлат идоралари фаолиятининг шаффофлиги ва ҳисобдорлигини таъминлаш йўлида амалга оширилаётган ишлар алоҳида эътироф этилди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!