Букер мукофотининг 2025 йилги қисқа рўйхати эълон қилинди. Бу ҳақда ташкилий қўмита маълум қилди.
Ҳакамлар ҳайъатига 1993 йилда Букер мукофотини қўлга киритган ирландиялик ёзувчи Родди Дойл раислик қилди. Уларнинг маълумотича, жами 153 та асардан олтитаси саралаб олинди.
Қисқа рўйхатдан жой олган асарлар: Бен Марковицнинг «Қолган умримиз», Сюзан Чойнинг «Чироқ», Кэти Китамуранинг «Тинглов», Эндрю Миллернинг «Қишдаги ер», Дэвид Салейнинг «Моддият» ҳамда Киран Десаининг «Сони ва Саннининг ёлғизлиги».
Уч нафар ёзувчи шорт-листга илк бор кирди. Миллер ва Салей аввал ҳам номзод бўлган. Десаи эса 2006 йилда Букер мукофотини қўлга киритган.
Ғолиб номи 10 ноябрда Лондонда бўлиб ўтадиган маросимда эълон қилинади. Энг яхши роман муаллифига 50 минг фунт стерлинг тақдим этилади.
Эслатиб ўтамиз, 1969 йилда таъсис этилган Букер мукофоти адабиёт йўналишидаги энг нуфузли халқаро мукофотлардан бири ҳисобланади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!