Ҳамид Исмоилов 2026 йилги Нобельга даъвогарлар қаторида тилга олинди

Ўзбекистонлик ёзувчи Ҳамид Исмоилов 2026 йилги адабиёт бўйича Нобель мукофотига даъвогарлардан бири сифатида букмекерлар рўйхатидан жой олди. Бу ҳақда Literary Hub хабар берди.
Қайд этилишича, мазкур рўйхат Нобель мукофоти қўмитасининг расмий номзодлар рўйхати эмас. Literary Hub Британиянинг Ladbrokes букмекерлик компанияси таклиф қилаётган коэффициентлар асосида адабиёт бўйича Нобель учун эҳтимолий номзодларни санаб ўтган. Унда Ҳамид Исмоилов 33/1 коэффициент билан қайд этилган.
Рўйхатда Ҳамид Исмоиловдан ташқари Харуки Мураками, Маргарет Этвуд, Салмон Рушди, Ж.К. Роулинг ва Стивен Кинг каби таниқли ёзувчилар ҳам бор. Бироқ бу рўйхат Нобель мукофоти учун расмий номзодликни англатмайди.
Ҳамид Исмоилов 1954 йил 5 май куни Қирғизистоннинг Тўқмоқ шаҳрида туғилган. У 1992 йилда Буюк Британияга келган ва BBC Жаҳон хизматида 25 йил фаолият юритган.
Ёзувчининг асарлари турли тилларга таржима қилинган. Унинг “Жинлар базми” (“The Jinn's Party”) романи Дональд Рэйфилд ва Жон Фарндон томонидан инглиз тилига таржима қилинган. Мазкур таржима 2019 йилда EBRD Адабиёт мукофотига сазовор бўлган.
Айни пайтда Исмоиловнинг “We Computers” романи ҳам 2026 йилги EBRD Адабиёт мукофоти қисқа рўйхатидан жой олган.
2026 йилги адабиёт бўйича Нобель мукофоти совриндори 8 октябрь куни Стокгольмда эълон қилинади. Бу йил Нобель мукофоти соҳиби 12 миллион швед кронаси миқдорида пул мукофоти олади.






























Изоҳлар 0
…