Бурак Ўзчивит фақат ўзи суратга тушган сериаллари унга ёқишини айтиб интернетни портлатди

Турк киноси ва сериаллари мухлислари яхши танийдиган Бурак Ўзчивит яна Россияга ташриф буюрди ва бу сафар ҳам унинг келиши катта қизиқиш билан кузатилди. 2 март куни машҳур актёр “Истанбулнинг энг гўзал қизи” номли моноспектаклини томошабинларга тақдим этди. Орадан бир кун ўтиб эса у оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашиб, турли саволларга жавоб қайтарди.
Матбуот анжуманида берилган саволлар орасида энг кўп муҳокамага сабаб бўлгани — Буракнинг шахсан ўзи қайси турк сериалларини севиб томоша қилиши ҳақидаги савол бўлди.
Буракнинг фикрича, турк сериаллари бугун дунёнинг кўплаб давлатларида машҳур. Аммо айнан Россияда уларга нисбатан ўзига хос илиқ муносабат бор. Актёр буни томошабинларнинг ҳикоялар, образлар ва сценарийдаги туйғуларни яқин қабул қилиши билан изоҳлади. Унинг айтишича, турк экран асарларидаги воқеалар россиялик мухлислар қалбига ҳам тез етиб боради, шу боис бундай лойиҳалар бу ерда катта қизиқиш уйғотади.
Шундан кейин Бурак Ўзчивит ўзига энг ёққан тўртта лойиҳани санаб ўтди. У “Муҳташам юз йил”, “Чолиқуши”, “Севги изтироби” ва “Ҳукмдор Усмон”ни ўзининг энг севимли сериаллари сифатида тилга олди. Табиийки, бу рўйхат кўпчилик эътиборини ўзига тортди. Чунки санаб ўтилган барча лойиҳалар актёрнинг шахсан ўзи иштирок этган ишлари эди.
Танқидчилар орасида “нега рўйхатга ўзи қатнашмаган бирорта сериал кирмади?”, “танлов бироз худбинона чиққан”, “камида битта бегона лойиҳани ҳам айтиб ўтса бўларди” қабилидаги фикрлар янгради.
Албатта, Буракнинг мухлислари бу танқидларга ўз муносабатини билдирмай қолмади. Уларнинг қарашича, актёр ўзига энг яқин бўлган, меҳнат қилган ва қалбидан жой олган лойиҳаларни айтган, холос. Ахир ҳар бир ижодкор учун ўз қўли, ўз меҳнати сингган асар алоҳида қадрли бўлиши табиий ҳол. Шу маънода, унинг жавобини кибр эмас, балки самимий танлов сифатида қабул қилиш мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!