date

“Қишлоқ йигитига ҳам турмушга чиқишим мумкин” — Луиза Расулова

“Қишлоқ йигитига ҳам турмушга чиқишим мумкин” — Луиза Расулова

Ўзбек шоу-бизнеси вакиллари орасида энг кўп муҳокамаларга сабаб бўлаётган актриса Луиза Расулова 24 апрель куни 31 ёшни қарши олди. У 14 ёшида илк бор клипда рол ижро этиб, санъат оламига кириб келган. Болалигида бозорда кийим сотган, Украинада таълим олган, эркак ҳамкасбидан ҳақорат эшитган, бугунги кунда эса тўй ва маросимларда бошловчилик қилиб келаётган Луиза Расулованинг таваллуд санаси муносабати билан унинг ҳаёт йўли ва ижодий фаолиятига назар ташлаймиз.

“Дадам вафотидан кейин бозорда савдо қилганман”

1995 йил 24 апрель куни Чирчиқ шаҳрида дунёга келган. У болалик хотираларини эслар экан, бозорда кийим-кечак сотгани, онаси эса рўзғор тебратиш учун қариндошларининг уйларини тозалаганини айтади.

— Болалигимдан актриса бўлишни орзу қилмаганман, лекин бу соҳада иқтидорим бор эди. Боғча ва мактабдаги саҳна чиқишларида фаол иштирок этардим, ролларим яхши чиқарди. Шунинг учун раҳматли дадам “актриса қизим” деб эркаларди. Бироқ санъат соҳасида ўқиш учун алоҳида курсларга қатнамаганман. Дадам вафот этганларидан кейин унинг орзусини амалга ошириш мақсадида актриса бўлишга қарор қилганман. Отамнинг вафотидан кейин қийин аҳволга тушганмиз. Ҳам ўқиб, ҳам ишлаган даврларим бўлган. Бозорда кийим сотганман.

Ўша вақтларда акам билан ишлаб, онамни ишлатмасликка ҳаракат қилганмиз. Чунки онам юрак хасталиги билан оғриган, отамнинг вафотидан кейин аҳволи яна оғирлашган эди. Худога шукр, бугунгача ишлатмадик. Аммо айрим пайтларда нон топиш учун онам бошқаларнинг, ҳатто қариндошларимиз уйларини тозалаб келган, дея эслайди актриса.

“Биринчи автомобилимни 19 ёшимда олганман”

Луиза Расулованинг кинодаги илк роли 15 ёшида “Ёндиради, куйдиради” фильмида намоён бўлган. У 16 ёшида “О, Марям, Марям” фильмида иштирок этган, ундан аввал эса “Хазина” фильмида бош қаҳрамон образини муваффақиятли ижро этган. Кўплаб фильмларда қатнашган актриса ўзининг энг муваффақиятли ролини айнан “О, Марям, Марям” фильмидаги ижроси деб билади.

— Мактаб пайтлари Чирчиқдан Тошкентга, “Ўзбекфилм”га қатнар эдим. Мени аввалдан танийдиган режиссёрга қўнғироқ қилиб, “Илтимос, мени қабул қилинг, бир марта имконият беринг” деб тинмай мурожаат қилардим. Охири мени қабул қилишди.

Илк ролим Фаррух Хамраевнинг клипида иштирок этиш билан бошланган. Кинодаги дебютим 15 ёшимда машҳур актёрлар иштирокидаги “Ёндиради, куйдиради” фильмида бўлган. Аввал Эстрада-цирк коллежида ўқидим, кейин ўқишим тугалланмади ва Украина, Киевдаги санъат олийгоҳида таҳсил олдим. Олий маълумотга эгаман, аммо баъзи санъаткорлар томонидан “ўқимаган қиз” деган гапларни ҳам эшитганман.

19 ёшимда биринчи шахсий автомобилни сотиб олдим. Кейин 2019 йилда тўй хизматлари, съёмка ва реклама ишларидан топган даромадимга Тошкентдан янги уй харид қилдим. Бу хонадон ҳеч қандай реклама эвазига эмас, ўз меҳнатим билан олинган, дейди у.

“Мени ‘Муҳташам юз йил’ сериалига чақиришган”

Актриса машҳур турк сериали кастингида иштирок этган, аммо ролдан воз кечган.

— “Муҳташам юз йил” сериали учун Украинада кастинг бўлган. Мен малика Изабелла роли учун синов топширганман. Турк режиссёрлари видеоқўнғироқ орқали ҳам кастинг ўтказишган. Сериалда очиқ саҳналар борлигини билганим учун бу рол менга мос эмаслигини тушунганман ва рад этганман. Ўша пайтда жуда ёш эдим, ҳатто паспортим ҳам йўқ эди. Кейин сериални кўриб, иштирок этмаганимдан бироз афсусланганман.

“Съёмкага ҳеч қачон ёлғиз бормайман”

Одатда санъат соҳасидаги аёллар оиласида турли қаршиликлар бўлади. Луиза бу борада қийинчиликларга дуч келганми?

— Оиламдагилар менинг характеримни яхши билади. Санъатга кириб, нотўғри йўлга кирмаслигимга ишонишган. Мени яхши танийдиганлар билади — ҳеч қачон ёлғиз юрмайман. Доим акам билан биргаман. Ҳеч қайси тўй, съёмка ёки кўрсатувга ёлғиз бормаганман. Шунинг учун ҳам улар хотиржам. Умуман, оиламда санъатимга қарши чиққанлар бўлмаган.

“Очиқ ва тор кийинаман, лекин меъёр доирасида”

Актрисага энг кўп бериладиган савол унинг Instagram’даги образлари ва кийиниш услуби ҳақида. Айни пайтда унинг саҳифасида 5,5 миллион обуначи мавжуд.

— Instagram саҳифамни 77 фоиз эркаклар, 33 фоиз аёллар кузатади. Фақат Ўзбекистон эмас, балки МДҲ давлатлари — Россия, Қозоғистон, Қирғизистонда ҳам мени танийдиганлар кўп. Тўғри, баъзан тор ёки очиқ кийинаман. Лекин меъёрдан чиқмайман. 21-асрда яшаяпмиз. Кўчадаги қизлар ҳам шундай кийинади. Фақат санъаткор бўлганинг учун сенга кўпроқ эътибор қаратилади. 

“Ҳамкасбимдан оғир SMS олганман”

Луиза 18-19 ёшидан бери тўй ва тадбирларда бошловчилик қилиб келади. Унинг айтишича, санъат йўли осон эмас.

— Агар имконим бўлса, 20 йил орқага қайтиб, санъатни танламасдим. Чунки аёл киши учун бу соҳада ўз ўрнини сақлаб қолиш жуда қийин. Илк фаолиятимда ҳамкасбларим мени яхши қабул қилган. Аммо кейинчалик кўплаб салбий муносабатларга дуч келдим.

Бир куни тунги соат 2 да бир эркак бошловчидан SMS олдим. Унда “одамнинг кўнглини айнитяпсан, ўзингни реклама қиляпсан, ўқимагансан” каби гаплар ёзилган эди. Бу мен учун кутилмаган ҳолат бўлган. У инсон билан аввал яхши муносабатда бўлганман, нега бундай ёзганини тушунмадим, дейди актриса.

“Қишлоқ йигитига ҳам турмушга чиқишим мумкин”

Актриса шахсий ҳаёти ҳақида ҳам фикр билдирди.

— Оддий қишлоқ йигитига ҳам турмушга чиқишим мумкин. Лекин кимдир келиб “санъатни ташла” деса, дарров рози бўлмайман. Чунки катта меҳнат билан шу даражага етдим. Агар санъатни тарк этганимдан кейин ҳам зерикмаслигим учун шароит яратиб берса, нега йўқ? Бу ерда гап фақат пулда эмас, дейди Луиза Расулова.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Маданият » “Қишлоқ йигитига ҳам турмушга чиқишим мумкин” — Луиза Расулова