Тарихда илк бор роботлар MMA жангида ўзаро беллашди

Кеча, 16 июль куни Хитойда аралаш яккакураш (MMA) қоидалари асосида дунё тарихидаги илк роботлар жанги ташкил этилди. Илғор технологиялар ва сунъий интеллект имкониятларини намойиш этган ушбу беллашув катта қизиқиш уйғотди. Бу ҳақда MMA Mania нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, мазкур мусобақа Хитойнинг EngineAI компанияси томонидан ташкил этилган Ultimate Robot Knock-out Legend (URKL) робототехника турнири доирасида ўтказилган. Беллашув Шэньчжэнь шаҳридаги Наньшань маданият ва спорт марказида бўлиб ўтди. Тадбирда машҳур кино юлдузи Донни Йен махсус меҳмон сифатида иштирок этди.
Қайд этилишича, мусобақанинг саралаш босқичида дунёнинг 10 мамлакатидан 200 дан ортиқ жамоа қатнашган. Онлайн саралаш якунларига кўра, энг яхши натижа қайд этган 32 та жамоа финал босқичига йўлланмани қўлга киритди.

Барча иштирокчилар асосий жангчи сифатида EngineAI'нинг T800 роботига таянган. Бироқ ҳар бир жамоа роботини рақобатчилардан устун қилиш мақсадида унга махсус ҳимоя зирҳлари, конструктив ечимлар ҳамда турли муҳандислик такомиллаштиришларини қўллаган. Бу эса ҳар бир роботнинг имкониятларини ўзига хос тарзда намоён этишига хизмат қилди.
Финал босқичида иштирок этган жамоалар орасида Калифорния университети (Беркли), Стэнфорд университети, Цинхуа университети, Чжэцзян университети ҳамда Гонконг университети каби нуфузли таълим муассасалари вакиллари ҳам бор эди.
Турнирнинг умумий мукофот жамғармаси 10 миллион юань (тахминан 1,48 миллион АҚШ доллари)ни ташкил қилди. Мутасаддиларнинг таъкидлашича, ушбу мусобақа робототехника ва сунъий интеллект соҳасида янги босқични бошлаб бериши мумкин.






























Изоҳлар 0
…