«Уйда ёлғиз 2» фильмининг машҳур актрисаси ҳаётдан кўз юмди

Ирландиялик машҳур актриса, томошабинларга «Уйда ёлғиз 2: Нью-Йоркда йўқолиш» фильмидаги каптар боқувчи аёл образи орқали яхши таниш бўлган Бренда Фрикер 81 ёшида вафот этди. Бу ҳақда унинг кўп йиллик агенти Фил Белфилд маълум қилди.
Қайд этилишича, актриса 17 июль куни қисқа муддатли хасталикдан сўнг ҳаётдан кўз юмган. Унинг оиласи ва яқинлари номидан тарқатилган расмий баёнотда Бренда Фрикернинг ўз яқинлари бағрида, сокин муҳитда оламдан ўтгани маълум қилинган.
«Бугун эрталаб, 2026 йил 17 июль куни Бренда қисқа муддатли хасталикдан сўнг сокингина ҳаётдан кўз юмганини чуқур қайғу билан маълум қиламиз. У яқинлари даврасида бу дунёни тарк этди», — дейилади расмий баёнотда.

Бренда Фрикер 1990 йилда режиссёр Жим Шеридан суратга олган «Менинг чап оёғим» драмасида фалаж бўлиб қолган рассом ва ёзувчи Кристи Брауннинг меҳрибон онаси — миссис Браун образини юксак маҳорат билан гавдалантириб, «Оскар» мукофотига сазовор бўлган эди. Шу орқали у Америка киноакадемиясининг нуфузли олтин ҳайкалчасини қўлга киритган тарихдаги илк ирландиялик аёл сифатида кино тарихидан жой олган.
Шунингдек, Бренда Фрикер қарийб 60 йиллик ижодий фаолияти давомида Ирландия, Буюк Британия ва Голливудда театр, кино ҳамда телевидение соҳаларида самарали меҳнат қилди. У ўзининг сермаҳсул фаолияти, бетакрор ижролари ва юксак истеъдоди билан бир неча авлод томошабинлари меҳрини қозониб, ўз даврининг энг ҳурматли ва рамзий актрисаларидан бири сифатида эътироф этилди.






























Изоҳлар 0
…