Шоир Икром Отамурод 75 ёшида вафот этди

Шоир Икром Отамурод 75 ёшида вафот этди

Ўзбекистон хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли шоир Икром Отамурод вафот этди. Бу ҳақда 12 июль куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси маълум қилди.

Уюшма марҳумнинг оила аъзолари, яқинлари ва ижодкорнинг мухлисларига чуқур ҳамдардлик билдириб, унинг ўзбек адабиёти равнақига қўшган хизматларини юксак эътироф этди.

Икром Отамурод 1951 йилда Қашқадарё вилояти Касби туманининг Касби қишлоғида таваллуд топган. Ўрта мактабни тамомлагач, 1969–1974 йилларда ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетининг Журналистика факультетида таҳсил олган.

Меҳнат фаолиятини 1974 йилда Ўзбекистон энциклопедияси нашриётида муҳаррир сифатида бошлаган. Орадан бир йил ўтиб эса “Шарқ юлдузи” журналида иш бошлаган ва узоқ йиллар давомида аввал адабий ходим, кейинчалик шеърият бўлими мудири лавозимида фаолият юритган.

Шоирнинг илк шеърий тўплами “Вақт ранглари” номи билан чоп этилган. Кейинчалик унинг “Жануб қушлари”, “Тўрғайли манзиллар”, “Уфқлар орти бепоён”, “Руҳимнинг қайғуси”, “Сен”, “Кўнглим, ўзинг”, “Тавр” каби шеърий китоблари китобхонларга тақдим этилди.

Унинг ижоди турк, араб, рус, болгар, молдаван, озарбайжон, қозоқ, қирғиз, тожик ва грузин тилларига таржима қилинган.

Ижодкор таржимон сифатида ҳам самарали фаолият олиб борган. У жаҳон адабиётининг йирик намояндалари — Уолт Уитмен, Пабло Неруда, Евгений Евтушенко ва Ўлжас Сулаймоновнинг шеър ҳамда достонларини ўзбек тилига таржима қилиб, китобхонларга етказган.

Икром Отамурод ўзининг сермаҳсул ижоди ва адабиёт ривожига қўшган муносиб ҳиссаси билан ўзбек шеърияти тарихида муносиб из қолдирди.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар