Ҳувайдо Жумаева: "Комик актриса бўламан, деб ҳеч ўйламагандим" (видео)

Ҳувайдо Жумаева: "Комик актриса бўламан, деб ҳеч ўйламагандим" (видео)

Актриса Ҳувайдо Жумаева "Sevda’s TV"га берган интервюсида ижодий фаолиятининг илк йиллари, орзулари ва бошидан кечирган қийинчиликлари ҳақида самимий фикр билдирди.

Санъаткорнинг айтишича, у ёшлигида комик актриса бўлишни эмас, аксинча, жиддий ва романтик образларни гавдалантиришни орзу қилган.

"Пешонага ёзилгани бўлар экан. Мен комик актриса бўламан, деб ҳеч ўйламагандим. Аслида Кумуш, Жулетта каби қаҳрамонларни ижро этадиган актриса бўлишни истардим. Аммо чучварани хом санаган эканман. Гавда тузилиши, характер, ташқи қиёфа — буларни устозлар яхшироқ баҳолайди. Охир-оқибат, одамнинг тақдирида нима ёзилган бўлса, ўша бўлар экан", — деди у.

Ҳувайдо Жумаева талабалик ва фаолиятининг дастлабки йилларида осон бўлмаган синовларни бошдан кечирганини ҳам яширмади.

"Бизнинг бошимиздан кўп қийинчиликлар ўтди. Ҳеч ким кинога ҳам чақирмасди, театрда ҳам рол тегмасди. Агар ўша пайтда тушкунликка тушиб, сабр қилмай қишлоғимизга қайтиб кетганимизда, бугун бу ерда бўлмасдик", — дейди актриса.

Унинг таъкидлашича, санъаткор бўла олмаган айрим курсдошлари ҳам бугун яхши ҳаёт кечирмоқда. Аммо улар қалбида армон қолган бўлиши мумкин.

"Санъаткор бўлмаган курсдошларимнинг ҳаёти ҳам ёмон эмас. Лекин барибир қалбида армон бор. Мени телевизорда кўрганида буни ҳис қиламан. Балки улар: 'Яна бироз сабр қилганимда, бугун мен ҳам саҳнада бўлардим', деб ўйлашар", — дея сўзларини якунлади Ҳувайдо Жумаева.

Актрисанинг ушбу фикрлари ижтимоий тармоқларда ҳам қизғин муҳокама қилиниб, кўплаб мухлислар унинг матонати, сабри ва меҳнати бугунги муваффақиятининг асосий омили бўлганини таъкидламоқда.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар