Коинотда шакар топилди: бу ҳаёт сирини очишга яқинлаштирадими?

Коинотда шакар топилди: бу ҳаёт сирини очишга яқинлаштирадими?

Астрономлар Сомон Йўли галактикаси марказига яқин жойлашган улкан газ ва чанг булутида илк бор табиий шакар турини аниқлашди. Мутахассисларнинг фикрича, бу кашфиёт коинотда ҳаёт учун зарур бўлган органик моддалар юлдузлараро муҳитнинг ўзида ҳам ҳосил бўлиши мумкинлигини кўрсатади.

Гап эритрулоза деб аталадиган оддий шакар ҳақида кетмоқда. У табиатда малина таркибида учрайди, шунингдек, косметика саноатида, жумладан, сунъий қорайтирувчи воситалар ишлаб чиқаришда ҳам қўлланилади. Олимлар ушбу моддани Сомон Йўли марказига яқин жойлашган улкан молекуляр булутда қайд этган.

Тадқиқот муаллифларининг таъкидлашича, бу натижа коинотда бошқа цивилизация мавжудлигини англатмайди. Бироқ у ҳаётнинг пайдо бўлиши учун муҳим ҳисобланган органик бирикмалар космоснинг ўта совуқ ҳудудларида ҳам табиий равишда шаклланиши мумкинлигини тасдиқлайди.

Испания Астробиология маркази олими Изаскун Ҳименес-Серранинг айтишича, эритрулоза юлдузлараро муҳитда илк бор аниқланган шакар ҳисобланади. Бу эса бундай моддалар коинотда аввал тахмин қилинганидан анча кенг тарқалган бўлиши мумкинлигини англатади.

Олимларнинг тушунтиришича, эритрулоза майда чанг заррачалари юзасида содир бўладиган кимёвий реакциялар натижасида ҳосил бўлади. Кейинчалик у кометалар ёки астероидлар таркибига қўшилиб, сайёраларга етиб бориши эҳтимолдан холи эмас.

Тадқиқот давомида мутахассислар Испаниядаги радиотелескоплар ёрдамида G+0.693-0.027 деб номланган чанг булутини ўрганишган. Аввалига улар бошқа турдаги шакарларни излашган, аммо кутилмаган тарзда айнан эритрулозага хос сигналларни қайд этишга муваффақ бўлишган.

Маълум қилинишича, ушбу шакар космосда тахминан –250 даража совуқ шароитда ҳам ҳосил бўлиши мумкин. Бу эса органик молекулалар шаклланиши учун юқори ҳарорат шарт эмаслигини кўрсатади.

Мутахассислар эритрулоза нафақат энергия манбаи, балки РНК каби илк генетик тизимларнинг шаклланишида иштирок этувчи моддалар пайдо бўлиши учун ҳам муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидламоқда. Шу боис, бундай органик бирикмалар Ерга қадимда комета ва метеоритлар орқали келган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги назария янада мустаҳкамланмоқда.

Тадқиқот муаллифларининг фикрича, миллионлаб йиллар аввал Ерга ёғилган комета ва метеоритлар таркибидаги органик моддалар сайёрада ҳаёт пайдо бўлиши учун дастлабки шароитларни яратишга ҳисса қўшган бўлиши мумкин.

Япониялик олим Ёсиҳиро Фурукава ҳам ушбу натижани муҳим илмий воқеа сифатида баҳолади. Унинг таъкидлашича, юлдузлараро муҳитда ҳосил бўлган шакарлар бошқа сайёраларга ҳам етиб бориши мумкин. Бироқ бу жараён ҳаётнинг айнан қандай шаклланганини тўлиқ тушунтирмайди ва бу борадаги изланишлар ҳали давом этмоқда.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар