09:00 / 20.11.2018
8 613

Баҳора Арслонова: «Тўйим овоза бўлишини истамадим, чунки..»

Баҳора Арслонова: «Тўйим овоза бўлишини истамадим, чунки..»
Навбатдаги суҳбатдошимиз «Фидойилар», «Меҳмонхона», «Ёдгор» «Зурриёд», «Иснод» сингари телесериал ва фильмлардаги турли характердаги роллари орқали томошабинлар эътиборини қозонган ёш ва умидли актриса Баҳора Арслонова бўлди. Охирги пайтларда «Дугоналар шоу» лойиҳасидаги турфа ижролари билан ўзидаги истеъдод қирраларини юзага чиқараётган актриса жорий йилнинг 17 октябрь куни янги ҳаётга қадам қўйди.

— Баҳора опа, аввало, сизни келинлик мартабаси билан самимий табриклаймиз!..

— Табрик учун ташаккур. Ҳар бир қизга чиройли бахт насиб этсин.

— Одатда, оила қуриш остонасидаги аксарият аёл санъаткорлар унаштирилганига ишора сифатида қандайдир суратлар ёхуд постларни саҳифаларига жойлашади. Аммо тўйингиз бўлгани ҳақидаги хабар минглаб мухлисларингиз сингари биз журналистларни ҳам кутилмаган янгилик сифатида ҳайратлантирди…

— (кулади) Бундан кўплаб ҳамкасбларим ҳам ҳайрон қолишди. Биласизми, табиатан шов-шувга ўч эмасман, оммани ўзимга қаратишни унчалик хушламайман. Ирим-сиримларга ишонганим, ўзаро оилавий тадбир бўлгани туфайли тўйни дабдабасиз, миш-мишларсиз ўтказишга қарор қилдик.

Турмуш ўртоғим ҳам «Ҳамманинг характери ҳар хил. Кимдир ҳавас қилса, яна кимлардир ҳасад кўзи билан қараши мумкин. Тўйимизни ими-жимида ўтказамиз», дея қатъий фикрини айтди. Турмушга чиққанимнинг овоза бўлишини истамаган бўлсам-да, лекин тўйимда иштирок этган яқин санъаткор дугоналарим — Анжелика Есимбетова, Шаҳло Зоирова, Зуҳра опа Солиевалар келинлик суратларимни ижтимоий тармоқдаги саҳифаларига жойлашганидан сўнг роса шов-шув бўлиб кетди.

— Куёв бола билан танишувингиз қандай кечди?

— Улар, аслида, самарқандлик. Қайнопам билан институтда бирга ўқиганмиз. Талабалик давримизнинг кўп қисмини бирга ўтказганмиз. Укаси, яъни турмуш ўртоғим опасини кўргани институтга ҳам тез-тез ташриф буюрарди. Илк бор ўша пайтда опаси сабаб танишганмиз. Аввалига шунчаки салом-алик қилардик, холос. Секин-аста муносабатларимиз илиқлашиб, ижтимоий тармоқларда ёзишиб турдик. Аммо ўртамизда ишқий ришталар бўлмаган ва кун келиб бу инсон билан оила қуриш сира хаёлимга келмаган. Тақдир дегани шу бўлса керакки, курсдошимга келин, у эса менга қайнопа бўлди (самимий кулади).

Бир гапни айтсам, сира ишонмайсиз. Яқинларим совчиларга розиликни бериб, нон синдиришганидан сўнг менга хабар беришди. Қўнғироқ орқали «Сени унаштириб қўйдик, октябрда тўй», дейишди ва бу гапни эшитиб, ҳайрон бўлдим. «Кимга? Қачон? Турмушга чиқадиган мен-ку, нега аввалроқ айтмадиларингиз? У йигитни танимасам ахир?!» дея турли саволларни ёғдирдим.

Куёв кимлигини билгач эса менга совчи қўйганидан ажабландим. Негаки, юқорида айтганимдек, муносабатларимиз янги оила бунёд бўлишигача жиддийлашишини сира тасаввур қилмагандим.

— Айтишларича, турмуш ўртоғингиз спортчи экан…

— Ҳақиқатан, спорт соҳасида фаолият юритади. Исми Шерали Бобоқулов. Аралаш жанг спорт тури бўйича Санкт-Петербургда ўтказилган кўплаб мусобақалар ғолиби. Олий таълимни туризм бўйича тамомлаган.

— Ижодингизга муносабати қандай? Сизга мухлислик қиладими?

— Оила аъзолари орасида санъат соҳасида таҳсил олган ва шу касбга қизиқувчилар борлиги учун ижодимга муносабати ижобий. Ҳатто фаолиятимни давом эттиришимга ҳам рози. Сценарийларни биргаликда ўқиб кўриб, сьёмка майдончаларига шахсан ўзи олиб-бориб келишни режалаштиряпти. Бу эса мени қувонтирмоқда. Ролларимни Интернет орқали кўрган экан. Ҳозирча ижроларимни фақат мақтаяпти, танқид тошларини отганича йўқ (кулади).

— Янги оила саҳнасида ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз?

— Биласизми, оила кишидан катта масъулиятни талаб этаркан. Қайнона-қайнотамнинг хизматида бир ҳафта бўлдим, холос.

Келинлик вазифаларим қисқа вақт давом этган бўлса-да, аммо имкон даражасида камчиликларсиз уддалашга интилдим. Ҳозир суратга олиш жараёнларидан уйга тезроқ қайтишга ва ҳар бир оила бекаси қилиши шарт бўлган юмушларни бажаришга шошиляпман. Кўз тегмасин, турмуш ўртоғим жуда ҳам яхши инсон ва мени, касбимни тушуниб, яқиндан ёрдамлашяпти.

— «Дугоналар шоу» лойиҳасига қандай келиб қолдингиз?

— Мазкур кўнгилочар кўрсатувга яқин дугонам Анжеликанинг таклифи билан келганман. Бошида вақт борасида сал муаммо борлиги боис рад жавобини берганман. Аммо биринчи марта иштирок этгач, қизиқишим янада ортди. Вақт топиб, ҳар гал қатнашишни мақсад қилиб, шу пайтгача маҳоратимни чархлаб боряпман. Тайёр сценарий бўйича роль ўйнаймиз, айрим ҳолларда ўзимиздан нимадир қўшиб, ижромизни бойитамиз.

Тўрталамиз — мен, Анжелика, Индира ва Интизор турли характерга эгамиз. Баъзан фикрларимиз бир нуқтада кесишмаса, тортишамиз ҳам. Аммо араз-гиналарни тезда унутамиз. «Дугоналар шоу»даги чиқишим тўғрисида мақтовлар ҳам, танқидлар ҳам эшитяпман. Ҳар бир муносабатдан ўзимга керакли хулосалар чиқариб, кейинги сафар хатоларимни такрорламасликка уриняпман.

— Илк ролингизда қаҳрамонингиз ҳолатини очиб беришда қандай қийинчиликларга дуч келгансиз?

— Биринчи ролимни 19 ёшимда «Фидойилар» телесериалида ўйнаганман ва кўпчилик мени шу ижром орқали танийди. Қаҳрамоним Шодияни ижро этишда қаттиқ ҳаяжонланганман. Битта кадр учун 15-20 марталаб дубль қилинган пайтлар ҳам бўлган. Айниқса, туғруқ жараёни суратга олинаётганда кўп қийинчиликларга дуч келганман. Режиссёр Абдухалил ака Мингноров «Сен қўштирноқ ичидаги актриса бўласан», деб кўп танбеҳ берарди. Унинг бу гапини эшитиб, йиғлардим.

Лекин мақсадим йўлида барча қийинчиликларни енгиб ўтишга тиш-тирноғим билан киришганман. Абдухалил ака кўп китоб ўқишимни айтарди, фильмлар қўйиб бериб, кузатиб, ўрганишимни таъкидларди. Эртасига яна ўша гапни эшитардим: «Сендан актриса чиқмайди. Менга техник актриса керак эмас, юракдан йиғла, йиғлолмасанг ҳам ўша ҳолатни кўрсатиб бер». Режиссёрнинг бундай танбеҳини эшитгач, шаҳд билан қаҳрамоним руҳиятига киришиб кетардим ва буни кўпинча ўзим ҳам билмасдим. Бахтимга профессионал устоз санъаткорлар партнёр бўлишган. Уларнинг йўл-йўриқ, маслаҳатлари билан ролимни янада ишонарли ўйнаганман.

— От спорти билан жиддий шуғулланишингиз ҳақида ҳам эшитгандик…

— Болалагимдан отларни жуда яхши кўраман. Ҳатто бир муддат чавандоз бўлиш орзусида ҳам юрганман. Оиламизда спорт соҳаси вакиллари кўплиги ва от минишга иштиёқим борлиги сабаб беш-олти йилдан бери машғулотларга қатнайман.

От миниш жуда хавфли, бироқ киши қалбида қизиқиш бўлса, буни енгиб ўтаркан. Марта лақабли отни миниш жараёнида саккиз маротаба йиқилганман. Машғулотдаги йигит-қизлар ўртасида ўтказилган мусобақаларда ғолибликни қўлга киритганман.

— Актриса бўлиш ҳам болаликдаги орзунгизмиди ёки?..

— Дадам раҳматли юрист бўлганлиги туфайли мени ҳам ўзига издош бўлишимни хоҳларди. Мен эса шифокор бўлишга қизиқардим. Онам санъат соҳасида фаолият юритишни ният қилган. Бироқ дадам бунга розилик бермаган экан.

Мактабни битиргач, банк коллежига ҳужжат топширмоқчи бўлдим. Бироқ амакимнинг ўғли эстрада ва цирк коллежига кирмоқчилигини айтганида, мен ҳам фикримни ўзгартирганман. Лекин уйдагиларга журналистика йўналишида ўқияпман, дея ёлғон гапирганман. Институтга кирганимни ҳам фақат волидам билган, бошқалардан сир тутганмиз. «Фидойилар» сериалида суратга тушаётганимдан ҳам бехабар бўлишган. Сериал телевидениеда намойиш этилганида акам «Шифокор қиз Баҳоранинг ўзгинаси экан-а», деб ҳайрон бўлган. Сериал тугагач, титрдаги исм-фамилияларни кузатган ва мен эканлигимни билиб қолган (кулади). Акам санъат йўналишидан кетишимга қаттиқ қаршилик кўрсатган. Аммо сериалдаги ижромни кўриб, менга ҳавас қилганларнинг фикрлари дадам ва акамнинг розилигини олишимга сабаб бўлган.

— «Иснод», «Зурриёд» фильмларида актёр Шоҳрух Ҳамдамов билан чиройли жуфтлик яратгансиз. Кўпчилик сизларнинг экрандаги муҳаббатингизни ҳаётга ҳам кўчса керак, деган тахминий фикрда юрганди…

— (кулади) Буни ижодий учрашувлар, тадбирларда кўп томошабинлар ўзимга ҳам айтишган. Шоҳрух билан ҳаётда ҳам муносабатларимиз яхши, опа-укадек бўлиб кетганмиз. Уни ҳам актёр, ҳам инсон сифатида ҳурмат қиламан.

— Самимий суҳбатингиз учун катта раҳмат. Оилавий бахт, юксак ижодий парвозлар тилаб қоламиз!

— Сизларга ҳам ўз миннатдорчилигимни билдириб қоламан!
Миролим ИСАЖОНОВ
суҳбатлашди.

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Баҳора Арслонова: «Тўйим овоза бўлишини истамадим, чунки..»