Имом Бухорий йиғлаб дуо қилган аллома ким эди?

  • Жамият
  • 13-06-2018, 23:50
  • 1 280
  • Имом Бухорий йиғлаб дуо қилган аллома ким эди?
    Манбаларда зикр этилишича, Имом Бухорийнинг шогирди Исҳоқ ибн Аҳмад ибн Халаф шундай ҳикоя қилган экан: “Бир кун устоз ҳузурларида ўтирган эдик. Шу пайт бир мактуб келтирдиларки, унда Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон ад-Доримийнинг вафоти ҳақида хабар қилинган эди. Бу нохуш хабардан устоз чуқур қайғуга ботиб, бошини қуйи эгдилар. Бир муддатдан кейин бошини кўтариб, кўзлари лиммо-лим ёшга тўлган ҳолда Қуръон тиловат қилдилар ва “Сенинг тирик бўлишинг учун дўстлар ҳаммаси жонларини фидо қилишга тайёр эдиларку”, деб юзларига дуойи фотиҳа тортдилар”.

    Имом Бухорийдек аллома юксак эҳтиром билан тилга олган ад-Доримий ким эдилар?

    Имом ад-Доримий (798-869) ўз даврида улуғ ҳадисшунос олим сифатида катта шуҳрат қозонган. Илм аҳли орасида беқиёс обрў-эътиборга эга бўлган аллома бир қанча муддат Самарқандда шайх ул-ислом бўлган. Манбаларда таъкидланишича, у табиатан вазмин, адолатпарвар ва ҳақиқатгўй, инсоф ва диёнати баркамол инсон бўлган. Шу боис султон томонидан Самарқанднинг қозикалони лавозимига таклиф қилинган. Рад жавобини олса-да, султон ўз фикрида қатъий туриб олгач, аллома рози бўлади. Аммо атиги битта иш кўрилгач, у ўзини бу ловозимдан озод қилишларини сўраган экан...

    Бу улуғ алломанинг “Ал-Муснад”, “Ат-Тафсир”, “Ал-Жомиъ”, “Ас-Сулосиёт фи-л-ҳадис” каби нодир асарлари бор.

    Манба: Kun.uz

    » » Имом Бухорий йиғлаб дуо қилган аллома ким эди?
    Яндекс.Метрика