06:00 / 26.09.2022
1 178

Миразиз Мирзаҳалилов: "Ўсиб келаётган ёш боксчиларда ватан туйғуси йўқ..."

Миразиз Мирзаҳалилов: "Ўсиб келаётган ёш боксчиларда ватан туйғуси йўқ..."
Яқиндагина ҳаваскор бокс бўйича жаҳон чемпиони - Миразиз Мирзаҳалилов SPORTS.uz нашри учун интервью берди. Анчагина қизғин ўтган суҳбат чоғида спортчимиз кўпчиликни қизиқтирган саволларга жавоб бериб ўтди. Қуйида мазкур суҳбат баёнини сизнинг ҳукмингизга ҳавола этамиз.

- Мукофотларнинг қанча қисмини мураббийларга берасиз? Унинг ёзилмаган қиймати борми?

- Биз машғулотлар ва йиғинларда қанча юрсак, улар биз билан худди шунча бирга бўлишади. Шу боис, кўплаб боксчиларимиз катта ғалабалардан сўнг бериладиган мукофот пулларининг 30 фоизини юракдан чиқариб устозларига беради. Шахсан мен доимо ютуқ пулларимни ҳаммасини устозимга бераман. Улар ичидан 30 фоизини олиб қолиб, қолганини қайтариб берадилар.

- Белграддаги жаҳон чемпионати ва Токио Олимпиадасидаги омадсизликнинг сабаби нима деб ўйлайсиз?

- Билмадим. Ҳар бир спортчининг мақсади 4 йилда бир марта бўладиган мусобақада ғалаба қозониш. Ёшлигимиздан шу турнирга тайёргарлик кўрдик. Машғулотларда бор кучим билан ишладим. Олтин медал олишимизга шубҳам йўқ эди. Очиғи, видеони кўрсангиз, ҳакамларнинг қарорини тушуниш қийин. Ютқаздим, бўлди. Устозларимиз айтганидек, жангдан кейин ҳаммаси тарихга айланади. Янги орзулар ва уларнинг рўёби учун ҳаракат қилиш шарт.

- Охирги жаҳон чемпионатида нафақат сизни, балки бошқа ўзбек боксчиларини ҳам "синдиришган"дек туюлди?!

- Очиғи, шу саволни ҳозиргача ҳам ўйлаб жавобини топа олмадим. Биз оддий спортчимиз. Бизни вазифамиз жангга чиқиб, бор кучимиз билан ҳаракат қилиш. Юқорида эслаб ўтган мусобақаларингизда биринчи жангдаёқ мағлубиятга учрадим. Ҳар сафар рингдан тушиб кетаётганимда, ҳали кўп ишлашим керак экан, деб ўйладим.

- Ҳаваскор боксда ҳали айтилмаган гапларингиз борми?

- Албатта. Ҳозир 27 ёшдаман. Ноябрь-декабрь ойида катта турнир бўлади. Унга қадар, нимадир дейиш қийин. Ҳозир Париждаги Олимпиада ўйинларида ғалаба қозониш. Осиё ўйинлари, Осиё чемпионати ва жаҳон биринчилигида ғалаба қозондим. Энди энг нуфузли мусобақада зафар қучиш қолди. Насиб қилса, Франциядан юртимизга олтин медал олиб келаман. Авваллари ҳаваскор ва профессионал бокснинг машғулотларини бирлаштириб бўлмайди, деб ҳисоблар эдим. Ҳозир проф боксдаги карьерам бошлангач, тушуниб етдим-ки, буни ҳеч қандай зарари йўқ экан. Кучлироқ жисмоний тайёргарлик ва маҳорат эвазига янада кучли бўлишга ҳаракат қиляпман.

- Ҳозир профессионал боксдаги ватандошларимиз ҳаваскор боксдаги мусобақаларда иштирок этмоқда. Бу янги етишиб чиқаётган ёшларга нисбатан ноҳақлик эмасми?

- Бокс бутун дунёда кучайиб бормоқда. Ёшларимизни кўряпсиз. Улар Россия, Қирғизистон, Қозоғистондаги турнирларга юборилмоқда. Ютгани ютиб, ютқазгани енгилиб келмоқда. Қайсидир вазндаги боксчи икки маротаба енгилган бўлса, уни катта мусобақага олиб кетишни мураббийлар ҳам истамайди. Проф боксдаги йигитлар ҳаваскор боксдагиларга нисбатан анча тажрибалироқ. Уларда Ватан шаъни, мураббийлар юзи учун жанг қилиш тушунчаси бор. Ўсиб келаётган ёшларда бундай ҳисни учратишнинг имкони йўқ. Бироз катта бўлишгач, бу ҳис албатта пайдо бўлади. Ҳаммасига вақт керак.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Миразиз Мирзаҳалилов: "Ўсиб келаётган ёш боксчиларда ватан туйғуси йўқ..."