13:54 / 20.05.2023
274

Осиё чемпиони Аргентинада тарихни янгилай оладими?

Фото: Getty Images

Бугун, 20 май куни Аргентинада ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати старт олади. 20 ёшгача бўлган дунёнинг энг кучли 24 жамоаси иштирок этадиган турнирга Ўзбекистон Осиё чемпиони сифатида боради. «Янги юлдузлар фабрикаси» дея таърифланадиган мусобақа ҳақидаги барча маълумотлар билан танишинг.

Турнир тарихи ва мезбонлик

Ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати 1977 йилдан буён ФИФА томонидан ўтказиб келинмоқда. Ўтган давр давомида ҳар икки йилда футболга ўнлаб янги юлдузларни тақдим этган мусобақа бу сафар тарихда илк марта – 4 йилда биринчи бор ўтказилмоқда. Сўнгги марта Украинанинг чемпионлиги билан якунланган 2019 йил Польшада ўтган ёшлар мундиалидан кейин 2021 йил Индонезия мусобақага мезбонлик қилиши эълон қилинган эди. Аммо коронавирус пандемияси сабабли турнир бекор қилинган ва навбатдаги ЖЧ-2023 ушбу мамлакатда ўтиши белгиланганди. Охир-оқибат ўтказилиши 4 йилга чўзилган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати 2023 йилнинг март ойида Индонезиядан тортиб олинди. Бунга Исроилнинг мамлакатга киритилишига қарши ўтказилган оммавий намойишлар сабаб бўлди.

ФИФА шошилинч тарзда турнирга янги мезбон излашга тушди ва Аргентина, Қатар ҳамда Перу мусобақа мезбонлиги учун ариза топширди. Турнир стартидан бир ой аввал ЖЧ-2023 мезбонлиги Аргентинага топширилгани расман эълон қилинди. Шу тариқа, саралашдан ЖЧ-2023га йўлланма ололмаган Хавьер Маскерано шогирдлари мезбонлик эвазига турнирда иштирок этадиган бўлди.

Аргентина – иккинчи мезбонлик ва 6 карра ғолиблик

Бу йилги мусобақа билан ҳисоблаганда Аргентина – ёшлар ўртасидаги мундиалга иккинчи бор мезбонлик қилаётган дастлабки мамлакатга айланди. Кумушли ўлканинг бу турнирга қизиқиши юқори экани бежизга эмас. Аргентина бунгача ўтказилган ёшлар ўртасидаги 22та жаҳон чемпионатида 6 марта чемпионликни қўлга киритиб, бу борада ҳам рекордчи саналади.

Фото: Getty Images

Марадона ва Мессини кашф этган мусобақа

Аргентина U20 жамоаси турнирдаги илк чемпионликни 1979 йил Японияда ўтган мусобақада қўлга киритган. Ўшанда бу турнир футбол оммасига Диего Армандо Марадонани танитган эди. 19 ёшли аргентиналик форвард турнир финалида СССР жамоаси дарвозасини (3:1) ишғол этиб, Аргентинани чемпион қилган ва мусобақанинг энг яхши ўйинчисига айланганди. Шу тариқа, Марадона замонасининг тенгсиз ўйинчиси бўлиш учун қадам ташлаганди.

2005 йил Нидерландия майдонларида ўтган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати эса футбол оммасига яна бир бўлажак футбол қироли – Лионель Мессини танитди. Ҳали 18 ёшга тўлмаган аргентиналик кичик жуссали форвард Аргентина U20 жамоасининг яққол етакчиси сифатида мамлакатини финалга олиб чиқди ва ҳал қилувчи баҳсда Нигерия дарвозасига иккита тўп киритиб, жамоасига чемпионликни (2:1) келтирди. ФИФА эса 6та гол билан турнирнинг энг яхши тўпурари бўлган Мессини мусобақанинг энг яхши ёш ўйинчиси деб топди.

Фото: Getty Images

Ўзбекистон иштироки: Гейнрихдан Шомуродовгача

Аргентинадаги ЖЧ-2023 – Ўзбекистон ёшлар жамоаси учун турнирдаги 5-иштирок саналади. Вакилларимиз илк марта Виктор Борисов мураббийлиги остида 2003 йил Бирлашган Араб Амирликларида ўтган мусобақада иштирок этган. Ўшанда ҳам гуруҳда Аргентинага қарши тўп сурган жамоамиз Александр Гейнрихнинг 5-дақиқада ҳисобни очишига қарамай, 70-дақиқада Леандро Фернандес ва 90+3-дақиқада Фернандо Кавенагининг Игнатий Нестеров дарвозасига киритган голи натижасида мағлубиятга учраганди. Мали ёшлар жамоасига 2:3 ҳисобида мағлуб бўлингач, сўнгги турда Андрес Иньестанинг Нестеров дарвозасига йўллаган ягона голи Испания ёшларига Ўзбекистон устидан ғалаба келтирган. Шу тариқа, вакилларимиз илк иштирокида гуруҳда сўнгги ўринни эгаллаганди.

Фото: Getty Images

2009 йил Аҳмад Убайдуллаев мураббийлиги остида Мисрдаги турнирда қатнашган ёшларимиз Гана (1:2), Уругвай (0:3) ва Англия (1:1) билан бир гуруҳдан ўрин олиб, кейинги босқичга чиқа олмаганди. Жамоамизнинг турнирдаги икки голига Шерзодбек Каримов ва Иван Нагаев муаллифлик қилган.

Фото: Getty Images

Тарихимиздаги учинчи «кичик мундиал»га Аҳмаджон Мусаев бошчилигидаги 1993-1994 йилги авлод вакиллари йўлланма олган. Туркиядаги турнирда Хорватия (1:1), Уругвай (0:4) ва Янги Зеландия (3:0) билан бир гуруҳдан ўрин олган вакилларимиз 4 очко билан 3-ўринни банд этган ҳолда ўз тарихида илк марта плей-оффга йўлланма олганди. 1/8 финалда Грецияга қарши баҳсда Аббосбек Махсталиев, Игорь Сергеев ва Сардор Раҳмоновнинг голи ёшларимизга ғалаба (3:1) келтирган эди. Чоракфиналда эса Ўзбекистон турнирнинг бўлажак чемпиони Поль Погба етакчилигидаги Францияга мағлуб (0:4) бўлиб, турнирни тарк этган.

Фото: Getty Images

Ўзбекистон ёшлар жамоаси ўз тарихидаги 4-мундиалга ҳам Равшан Ҳайдаров мураббийлигида йўлланма олган. Бундан 8 йил аввал – 2015 йил Янги Зеландияда ўтган турнирда Ҳайдаров шогирдлари тарихимиздаги энг яхши натижани такрорлаб, чоракфиналга қадар етиб боради. Элдор Шомуродов, Достонбек Ҳамдамов, Отабек Шукуров, Одил Ҳамробеков, Рустам Ашурматов сингари номларни мухлисларга танитган мусобақанинг гуруҳ босқичида Ҳондурас (3:4), Германия (0:3) ва Фижи (3:0) билан ўйнаган ҳамюртларимиз бир ғалаба ва тўплар нисбатига кўра плей-оффга йўлланма олган. Нимчоракфиналда Ҳамдамовнинг дубли эвазига Австрияни мағлуб (2:0) этган футболчиларимиз бу сафар Сенегал тўсиғидан ўта олмай (0:1), турнирни тарк этган. Равшан Ҳайдаров ўзи учун иккинчи жаҳон чемпионатида натижани яхшилашни мақсад қилган. Ҳар ҳолда Осиё чемпионларидан тарихни янгилашни кутишга ҳақлимиз.

Фото: Getty Images

Стадионлар

Аргентина мезбонлигидаги «кичик мундиал» мамлакатнинг 4та шаҳридаги 4 стадионда ўтказилади. Турнирнинг финал баҳси ўтадиган асосий стадион Ла-Плата шаҳрида жойлашган бўлиб, футбол афсонаси Марадона шарафига номланган «Estadio Unico Diego Armando Maradona» ўйингоҳидир. Буэнос-Айрес провинцияси марказидаги арена 53 минг томошабин сиғимига эга.

Сиғими бўйича турнирдаги энг катта иккинчи ўйингоҳ Мендоза шаҳридаги «Estadio Malvinas Argentinas» стадиони саналади – 42 минг томошабин.

Ўзбекистон миллий жамоасининг гуруҳ босқичидаги ўйинларига мезбонлик қиладиган стадион Сантьяго дель Эстеро шаҳрида жойлашган бўлиб, «Estadio Único Madre de Ciudades» аренаси 30 минг томошабинга мўлжалланган.

Турнирга мезбонлик қилувчи 4-стадион Сан-Хуан шаҳрида жойлашган «Estadio San Juan del Bicentenario» ўйингоҳи бўлиб, ўз бағрига 25 286 томошабинни сиғдиради.

Тақвим ва турнир формати

Ёшлар ўртасидаги ЖЧ-2023 баҳсларида 24 жамоа 6та гуруҳга бўлиниб, соврин учун курашни бошлайди. Гуруҳ босқичида 1-2-ўринларни эгаллаган 12та жамоа ва 3-ўринлар орасида энг яхши натижа қайд этган 4та жамоа 1/8 финалга йўлланма олади.

«А» гуруҳидан ўрин олган Ўзбекистон U20 жамоаси турнирнинг очилиш ўйинида мезбон Аргентинага қарши майдонга тушади. Ўйин маҳаллий вақт билан 20 май соат 18:00да, Тошкент вақти билан шанбадан якшанбага ўтар кечаси соат 02:00да бошланади. Вақтлар орасидаги фарқ 8 соатни ташкил этиши сабабли, ЖЧ-2023 баҳслари Ўзбекистонда асосан тунги соатларга тўғри келади. 2-турдаги Янги Зеландияга қарши ўйин 23 май соат 23:00да бошланса, 3-турда Ўзбекистон – Гватамела баҳси 27 май куни соат 02:00да бошланади. Тўлиқ тақвим билан қуйидаги манзилда танишинг.

Трансляция

Турнир бошланишига 3 кун қолганда «Кичик мундиал» Ўзбекистонда ҳам ТВ-трансляция қилинадиган бўлди. UzReport TV Аргентина майдонларида бўлиб ўтадиган турнир трансляция ҳуқуқини қўлга киритганини расман эълон қилди.

«Миллионлаб ўзбекистонлик футбол мухлисларининг талаб ва истакларидан келиб чиққан ҳолда ҳамда ёш футболчиларимизни жаҳон майдонларида қўллаб-қувватлаш мақсадида «UzReport TV» телеканали 20 майдан 11 июнгача Аргентинада бўлиб ўтадиган U20 жаҳон чемпионатини трансляция қилиш бўйича эксклюзив ҳуқуқини қўлга киритди», - дейилади телеканал расмий сайтида.

ЖЧ-2023 ўйинларида Хайрулла Ҳамидов, Даврон Файзиев, Бобур Акмалов ва яна бир қатор шарҳловчилар ишлаши кутилмоқда.

Усмон Ибодов тайёрлади.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Осиё чемпиони Аргентинада тарихни янгилай оладими?